Ultimate magazine theme for WordPress.

Атроф муҳитга эътиборсизлик ва лоқайдлик ҳолатлари

Жорий йилнинг 9 сентябр куни Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Давлат инспекторлари томонидан Навоий давлат Педагогика институтининг М.Таробий кўчаси ҳудудида жойлашган факультетларнинг боғ-чорбоғлари ҳолати бўйича мониторинг кузатув ўтказилди. Кузатув натижаларига кўра  институтнинг масъул ходимларининг масъулиятсизлиги сабабли, ушбу ҳудуддаги мавжуд боғдаги мевали ва манзарали дарахтлар асоссиз равишда сув қўйилмасдан, 300 дан зиёд дарахтлар қуриб кетганлиги кузатилди. Боғни ичида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бормаслик натижасида кўпгина хас-хашак ва ҳар-хил чиқиндилар йиғилиб қолган. Боғни ичида одамларнинг шахсий моллари боқилаётганлиги кузатилди.

            Ушбу ҳудуддаги боғ ва ободонлаштириладиган майдон учун суғориш тизими мавжуд бўлиб, ер ости сувидан фойдаланиш учун 3 та насос ўрнатилган бўлиб, шундан бир дона  насос носоз ҳолда эканлиги аниқланди.

Насоснинг ишламаслиги, масъул шахсларнинг лоқайдлиги натижасида 74 туп ўрик, 125 туп гилос, 3 туп арча ва 101 туп олхўри дарахтларни қуриб кетишига, шу билан бирга институтнинг янги Ахборот ресурслар маркази биносининг атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида ётқизилган табиий ётқизилган газонларга ўз муддатида сув қўйилмаслик оқибатида қуриб кетишига олиб келган.

            Бундан ташқари, факультетларнинг масъуллари бепарволиги оқибатида ушбу ҳудуддаги боғлардан ҳосил бўлган хас-хашак чиқиндилари, қурилиш ва маиший чиқиндилар тўпланиб ачинарли аҳволга келиб қолганлиги аниқланди.

Шунингдек, институт ҳудудидан янги қуриладиган ётоқхона учун ер майдони ажратилган бўлиб, ҳудудда ётоқхона учун ажратилган ер майдонида қурилиш остига тушадиган дарахтлар учун рухсат олинган. Лекин яна қўшимча 34 туп арча ва манзарали дарахтлар ноқонуний кесиб олинган ва табиатга зарар етказилган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича тўпланган маълумотлар вилоят прокуратурасига ўтказилди. Вилоят прокуратураси томонидан кўриб чиқилмоқда, кўрилган чоралар бўйича келгусида маълумот тақдим этилади.