Ultimate magazine theme for WordPress.

КОВРАК ЎСИМЛИГИ ХАЛҚ ТАБОБАТИДА ИШЛАТИЛАДИ

Коврак илдизидан елим-смоласи олиш эрта баҳордан бошланиб, кузгача давом этади. Шунинг учун ҳам смола олиш даврлари баҳор ва ёз фаслларига бўлинади. Бунинг учун коврак илдизи атрофини 5-10 сантиметр чуқурликда ва 20-25 сантиметр кенгликда ковлаб, илдизининг тепа қисми очилади. Коврак илдизининг устки қисми очилгандан сўнг, елим-смола олиш учун кесиб қўйилади, 5-6 кун ўтгандан кейин сифатли елим-смола шираси йиғилади ва тўпланган елим-смола йиғиштириб олинади. Бирданига яна бошқа жойидан кесиб қўйилади, мавсум давомида ўсимлик илдизининг катта кичиклигига қараб 15-20 маротаба кесик қилинади.

    Ковракдан халқ табобатида азалдан хавфли шишлар ва захм касаллигини даволашда, ундан олинадиган елим-смоланинг спиртли тиндирмаси (настойкаси) астма, томир тортиши ва асаб касалликларида ишлатилиб келинган.

     Илмий тиббиётда коврак елим-смоласи – “асса фоетида” номи билан кукун, эмулъсия ва спиртли тиндирма (настойка) ҳамда оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади ва кўпгина давлатлар фармакопеясига киритилган. Шарқ мамлакатларидан Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда коврак елими ва илдизи кулинарияда зиравор сифатида, косметика саноатида атторлик воситалари ишлаб чиқаришда ишлатилади.

       Ибн Сино бобомизнинг бу ўсимликка берган таърифидан мисол келтириш фикримизни исботлайди. Унга кўра, “Коврак уруғининг қайнатмаси (уруғи худди супургиникига ўхшаш малла ранг, шакли ҳам шунга ўхшаб кетади) 3 маҳал 50 граммдан ичилса, она сути кўпаяди. Елимини сувга қўшиб ичилса, дарҳол овоз чиқади. Ширасига анжир қўшиб ейилса, сариқ(гепатит) касаллигини тузатади. Елимига мурч, сирка қўшиб, ёмон сифатли яраларга сурилса, фойда қилади. Соч тўкилишига ҳам ўта фойдалидир. Коврак бош мия, склероз(паришонхотирлик), бронхит, астма(зиққинафаслик), кўкйўтал, қандли диабетга даво, қон кетишини тўхтатади. Иштаҳани очади. Илдизи сийдик йўли хасталиги ва буйрак оғриқларига даво. Уч маҳал қайнатмасидан 30 граммдан ичилса, фойда қилади (муддати 15 кун). Илдиз қайнатмаси барча оғриқларни босади. Бўғилишни кетказади, оғриқни тузатади”.

      Коврак елим-смоласи қадимдан Эрон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда тайёрланиб, ишлатилиб келинган. Юртимизда коврак елимини тайёрлаш 2006 йилдан бошланди.

        Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ковракдан смола-елимни олиш учун, биринчи навбатда, ковракни табиий биологик ва эксплуатацион заҳираларини аниқлаб, катта масштабдаги харитасини тузиб, улардан табиатга зарар етказмасдан, ўсимлик табиий шароитда қайта тикланишига имконият яратиш керак. Табиий майдонларни участкаларга бўлиб йилма-йил, навбатма-навбат елим-смола тайёрлашни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

       Белгиланган тартиб бўйича коврак ўсимлигининг елим-смоласини йиғиш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси хулосасига кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан ҳар йили квота ажратилади ва ушбу белгиланган квота асосида керакли хомашё тайёрланади.

     . Бундан ташқари айнан йиғилиши лозим бўлган сассиқ коврак ҳаётий шаклига кўра бир маротаба гуллайди ва мева бериб, кейин нобуд бўлиб кетадиган-монокарп ўсимлик ҳисобланади. Яъни, ундан хўжасизларча фойдаланиш оқибатида ушбу ўсимлик турининг майдонлари йил сайин қисқариб бормоқда. Бу ташвишли ҳолат. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 55-моддасида белгиланганидек, “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойлигимиз, улардан оқилона фойдаланишимиз зарур ва улар давлат муҳофазасидадир

     Ҳозирги кунда ковракзорлар фақатгина тоғолди майдонларда сақланиб қолган, холос. Чунки, собиқ Иттифоқ даврида чўлларни ўзлаштириш билан бирга бу ўсимликнинг жуда катта майдонлари йўқолиб кетган. Лекин айрим тадбиркорларнинг талабига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 27 июлда “Ўзбекистон Республикаси ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириладиган жарима миқдорларини ҳисоблаш таксаларини тасдиқлаш тўғрисидаги” ва 2004 йил 28 октябрдаги “Биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш устидан назоратни кучайтириш тўғрисида”ги қарорларига асосан коврак ўсимлигининг смоласини йиғишга квота ажратиш белгиланган. Айрим тадбиркорларимиз эса ўз вақтида бундай имкониятдан унумли фойдалана олмаяптилар. Чунки, коврак смоласининг рисоладагидек қилиб йиғишдан кўра, ким ўзарга йиғишни афзал билмоқда.

       Елим-смоласини тайёрлаш учун тадбиркорларга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси томонидан йил сайин квота миқдорини камайтирсада лекин улардан тушаётган талабномалардаги рақамлар йил сайин ортиб бораётгани ташвишли ҳолат. Биргина 2012 йилнинг ўзида 200 тонна коврак смоласи учун квота ажратилган. Энди тасаввур қилинг: ўртача битта ковракдан 1 килограмм смола олинса, 200 тонна коврак смоласини йиғиш учун 200 минг туп коврак керак бўлади. Ковракнинг смоласи олингач қайта тикланишига ишонасизми? Бу ҳолат худди одамнинг қонини 90 фоиз сўриб олганга ўхшайди. Агарда тадбиркорга табиатга келтирилаётган зарари ҳақида гапирсангиз, бунинг орқасидан давлатга даромад келтирганини пеш қилади.

       Юқорида таъкидланганидек, йил сайин коврак ўсадиган майдонлар қисқариб бормоқда. Бунга жойлардаги мутасаддилар етарлича эътибор қаратишмаяпти. Аввало, ушбу ўсимликдан фойдаланиш меъёрларини қатъий белгилаб, тартибни бузган шахсларга нисбатан жазо чораларини кучайтиришимиз мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳар йили йўқотиладиган ковракларнинг ўрнини тўлдириб бориш ҳақида ҳам жиддий бош қотиришимиз керак.

        Хорижда бу ўсимликка қизиқиш жуда катта. Негаки, ундан қимматбаҳо ва ноёб маҳсулотлар тайёрлашда фойдаланишади. Нега энди бу ишни ўзимизда қилмаймиз? Бунга имкониятимиз етмайдими? Ахир тайёр маҳсулот ҳолида ўзимиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, ундан олаётган даромадимиз ҳам ўн чандон ортади-ку? Албатта, буни йўлга қўйишга имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади. Чунки, давлатимиз томонидан бугун тадбиркорлар учун беқиёс имкониятлар яратилган. Лекин бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, қилаётган ишимиз ҳақида батафсилроқ ўйлашимиз лозим.