Ultimate magazine theme for WordPress.

Матбуот хабарномаси

          Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига  “Навоийазот” АЖ дан чиқарилаётган зарарли газлар ва ёқимсиз ҳидлар безовта қилаётганлиги тўғрисида Навоий шаҳар 9-10 кичик туманлари фуқароларидан норозилик мурожаатлари келиб тушган. Ушбу муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бартараф қилиш бўйича мурожаатчилар билан Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маъсул ходимлари ҳамда “Навоийазот” АЖ маъсул ходимлари иштирокида жорий йилнинг 23 июл куни соат 11-00да тушунтириш ишлари олиб борилди.

         “Навоийазот” акционерлик жамиятининг санитар лабораторияси томонидан  режа-жадвал асосида кечаю-кундуз белгиланган соатларда жамиятнинг санитар ҳимоя ҳудудидан, Кармана тумани “Айрончи” МФЙ ҳудудидан, Навоий вилояти хокимлиги биноси ёнидан таҳлил намуналари олинади.

         Навоий шаҳар атмосфера ҳавоси доимий равишда вилоят гидрометеорология бошқармаси томонидан 24 соат давомида  белгиланган учта  постларда (1- пост “Ф.Хўжаев” кўчасида, 2 –пост “Ғалаба” шох кўчаси 125 –уй ёнида, 3- пост “Қизилқум” кўчаси) 8 хил ингридиентларга намуналар олиниб, тахлил қилинади.Таҳлил натижалари Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига доимий равишда назорат учун тақдим этиб борилади.

         Обҳавода ноқулай метеорологик шароит вужудга келганда яъни  ҳавонинг тинч ҳолатида (штиль), шамол ўз йўналишини шаҳар томонга ўзгартирганда атмосфера ҳавоси таркибида ноорганик чанг, азот оксидлари ва  аммиак моддалари мавжудлиги кузатилган. Бундай шароитда атмосфера ҳавосини табиий таркибини сақлаш мақсадида “Навоийазот” акционерлик жамиятининг ишлаб чиқариш цехлари огоҳлантирилади ва ноқулай метеорологик шароитда белгиланган тартиб асосида I-II-III-режимларга ўтилади. Ноқулай метеорологик шароитда бажариладиган чора-тадбир режалари тузиб, бошқарма билан келишилган.

Атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли моддаларни камайтириш  мақсадида ишлаб чиқариш корхоналари томонидан табиатни муҳофаза қилиш йиллик чора-тадбирлари тузилган.Чора-тадбирларда чанг-газ тозалаш ускуналарини таъмирлаш, замонавий ускуналарни ўрнатиш, чанг бостириш,манзарали дарахтларни парваришлаш каби ишлар бажарилиши кўрсатилган.

   “Навоийазот” АЖ санитар лабораторияси 19 июль соат 420да завод ҳудудининг атмосфера ҳавосидан намуналар олиб таҳлил қилганда, хлор моддасининг рухсат этилган концентрацияси 1 мг/м3 бўлиши белгиланган бўлсада, амалда 2 мг/м3 ташкил этиб, белгиланган меъёрдан 2 баробар юқори ҳолат қайд қилинган. Соат 700 да завод диспетчерининг қўнғирогига асосан санитар лаборатория томонидан 107-цех ҳудудидан намуналар олиб, таҳлил қилинганда хлорид кислотаси миқдори  5 мг/м3 белгиланган бўлсада, амалда 8 мг/м3 ни ташкил этиб, белгиланган меъёрлардан 1.6 баробар юқорилик ҳолати қайд этилган. Навоий шаҳар гидрометереология бошқармасига қарашли атмосфера ҳавосини мониторингини олиб бориш кузатув лабараторияси (ЛМЗАВ) томонидан 19 июль куни эрталаб соат 7-00 да кузатув постларида атмосфера ҳавосидан намуналар олиб таҳлил қилинганда азот оксидларининг микдори 0.09 мг/м3ни ташкил этиб (меёър-0.04 мг/м3), белгиланган меъёрлардан 2.25 марта юқорилик ҳолати қайд этилган, аммиак миқдори 0.08 мг/м3 ни ташкил қилиб (меъёр-0.04 мг/м3) 2.0 марта юқорилик ҳолати қайд этилган. Ҳудди шундай ҳолат 3-постда (Қизилқум кўчасидаги кузатув постида) қайд қилинган, яъни азот оксидларининг миқдори 0.10 мг/м3 ёки (меёър-0.04 мг/м3) 2.5 марта юқорилик ҳолати қайд этилган, яъни аҳоли яшаш пунктларида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси белгиланган меъёрлардан юқори ҳолатлар қайд этилган. Соат 13-00 да олинган намуналарда азот оксидларининг концентрацияси 0.04-0.05 мг/м3 яъни белгиланган меъёрлар атрофида кузатилган. Лекин “Навоийазот” АЖ санитар лабораторияси томонидан олинган намуналарида белгиланган меъёрлардан юқори ҳолатлар қайд этилмаган. 

        Салбий ҳолатнинг келиб чиқишига асосий сабаб: ҳаво ҳароратининг табиий ҳолда кескин кўтарилиб кетиши, шамол тезлигининг пастлиги сабабли зарарли газларнинг тарқалиши қийинлашиши ҳисобланади. Зарарли газларни тозалаш ва ушлаб қолиш учун керакли эҳтиёт қисмлар алмаштирилиши шарт бўла туриб корхона томонидан вақтида алмаштирилмаган. Эҳтиёт қисмларни чет элдан сотиб олиш учун белгиланган тартибда “UZKIMYOIMPEKS” МЧЖга буюртмалар юборилган. Лекин атмосфера ҳавосига зарарли моддаларни кескин камайишини таъминлайдиган клапан-регуляторлар, газ ёниш жараёнларини        грануляция ускунаси ВВГ-500, АВК-10 катализаторлари каби ускуна ва эҳтиёт қисмлар олиб берилмаган.

      2019 йилнинг 19-июл куни эрталаб соат 7-00 да ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши натижасида “Навоийазот” АЖга тегишли 140-подстанцияда температура кўтарилиб трансформатор мойи қайнаб, трансформатор авария ҳолатида тўхтаб қолган. Бунинг оқибатида вентиляторлар ва насослар ишдан чиқиб заводнинг 1-тоифали хавфли суюқ хлор, хлор маҳсулотлари ва каустик сода ишлаб чиқариш комплекси бўлган 107-цехидаги қувурда ёриқ пайдо бўлиб, хлорид кислотаси тўкилишига олиб келган. Хлорид кислотасининг парлари соат 7 20 га қадар атмосфера ҳавосига ажралиб чиқиши давом этган. Хлорид кислота парларини атмосфера ҳавосига кўтарилишини олдини олиш мақсадида сув ва оҳак билан нейтралланиб авария холати бартараф қилинган.

         Юқоридаги салбий ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан Навоий вилоят Экология ва атроф мухитни мухофаза килиш бошкармасининг талабномалари асосида 2018 йилнинг 26 августида “Навоийазот” АЖда “Ўзкимёсаноат”АЖ маъсул ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда 2018 йил 15 августдаги 11-22-18-сонли “Ўзкимёсаноат”АЖ бошқарув раисига Республика Бош прокуратура томонидан юборилган Тақдимнома кун тартибида кўриб чиқилиб, тузилган баённомага асосан атроф муҳитни ифлосланишини олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар билан келишган холда 66 банддан иборат чора тадбирлар ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда бу тадбирларнинг 11 таси эхтиёт қисмларни чет элдан сотиб олиш билан боғлиқ бўлганлиги сабабли бажарилмаган. Чора тадбирларнинг бажарилиши назорат қилиб борилмоқда.

     2019 йилнинг июл ойида кунлар исиб кетиши муносабати билан атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газларни камайтириш мақсадида бошқарма мутахассислари ҳамда “Навоийазот” АЖ масъул ходимлари иштирокида бир неча бор музокаралар олиб борилди. Кўриб чиқилган масалалар бўйича баённомалар расмийлаштирилди. Йиғилиш қарорига асосан қўшимча амалий чора тадбирлар бажарилиши, қатъий назорат ўрнатилиши келишиб олинди. 2019 йилнинг 18 июл кунидаги “Навоийазот” АЖнинг 89-сонли фармойишига асосан бир неча кундан буён эрталаблари ҳаво хароратининг баланд бўлиши, шамолнинг умуман тўхтаб қолишини инобатга олган ҳолда соат 4-00 дан 9 -00 гача цехларда ишлаб чиқаришнинг айрим жараёнлари  бутунлай тўхтатилади.

   “Навоийазот” АЖдаПрезидент қарорлари асосида янги технологияни жорий қилиш бўйича қуйидаги йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда:

1.Хитой технологияси асосида поливинилхлорид (ПХВ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси.(ПҚ №2272 16.12.2014й)

2.Япония технологияси асосида Аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришлари қурилиши.(ПҚ 32372 21.07.2015й)

3.Швецария технологияси асосида азот кислотаси ишлаб чиқаришини ташкиллаштириш (ПҚ №2521 15.04.2015й).

Швецария технологияси асосида азот кислотаси ишлаб чиқариш корхонаси 2019 йилнинг охирида ишга тушиши билан эски аммиак ишлаб чиқариш 1 ва 2 навбати ва азот кислотаси ишлаб чиқариш цехи (5-цех) фаолияти тугатилади. Поливинилхлорид (ПХВ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси жорий йилнинг 3-чорагида ишга тушиши билан 107-цех капитал таъмирлаш учун тўлиқ тўхтатилади. Бу тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида атмосфера ҳавосига ташланадиган азот оксидлари, аммиак, хлорид кислотаси миқдори  кескин камаяди.

        Навоий вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан вилоят телерадиокомпанияси, вилоят газетаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экологик партияси, қонунчилик палатаси депутатлари билан ҳамкорликда Навоий шаҳар аҳолиси билан “Навоийазот”АЖнинг атроф муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича жамоат эшиттируви 2019 йилнинг 20 август куни ташкил этилиши режалаштирилди. Жамоат эшитувида “Навоийазот”АЖнинг маъсул мутахасислари аҳолига корхонанинг кейинги йилларда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида олиб борилаётган тадбирлар тўғрисида, кузатилаётган салбий оқибатларни такрорланмаслиги ҳамда камчиликлар ўз вақтида бартараф этилиши бўйича ҳисобот бериши режалаштирилган.

Навоий вилояти Экология ва атроф мухитни

мухофаза килиш бошкармаси                                                Ахборот хизмати 

Ташкилотчилар:

Навоий вилояти Экология ва атроф мухитни мухофаза килиш бошкармаси мутахассислари: Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлим бошлиғи Д.Ахмедова, Навоий шаҳар Экология ва атроф мухитни мухофаза килиш инспекцияси бошлиғи С.Ўринов, Ахборот хизмати бош мутахассиси З.Душанова

Иштирокчилар:

 “Навоийазот”АЖнинг Меҳнат муҳофазаси бўлими бош мутахассиси С.Нурназаров,  “Навоийазот”АЖнинг Экология ва атроф мухитни мухофаза килиш бўлими бошлиғи Н.Саломова, “Навоийазот”АЖнинг Санитар лабораторияси бошлиғи И.Кенжаева

Мурожаатчилар:

Навоий шаҳар “Гулзор”МФЙ хотин қизлар бўйича бош мутахассиси З.Бердиева, “Турон” ва “Мустақиллик” МФЙ да истиқомат қилувчи фуқаролар.