Ultimate magazine theme for WordPress.

Навоий вилоятида экологияни асрашга тарғиб қилувчи баннерлар ўрнатилмоқда

Аввал хабар қилганимиздек, 2020 йил 15 январь куни «Амирсой» тоғ-чанғи курортида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида оммавий дам олиш масканларидаги тартибсиз ҳолат, чиқиндиларни белгиланганидан бошқа жойларга ташлаб кетилиши ҳолатлари танқид қилинган, шунингдек, йўлларда экологияни асрашга тарғиб қилувчи кўргазмали баннерларнинг йўқлиги таъкидланган эди.

    Шундан сўнг Давлат экология қўмитаси томонидан мазкур масала юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг 23 январидан бошлаб Давлат экология қўмитаси Чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш ва ташкил этиш бошқармаси томонидан бутун республика бўйлаб экологияни асрашга тарғиб қилувчи кўргазмали баннерларни ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Навоий вилоятида ҳам ана шундай эътиборга молик бир қатор ишлар амалга оширилди. Бутун вилоят бўйлаб экологияни асрашга тарғиб қилувчи кўргазмали баннерларни ўрнаниш ишларига старт берилди.

Жумладан, Навоий шаҳри, Қизилтепа ва Учқудуқ, Хатирчи туманларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилашга эътиборни кучайтириш мақсадида, аҳоли гавжум бўлган ҳудудлар – бозорлар, савдо дўконлари, овқатланиш шохобчалари, бекатлар атрофига тарғибот баннерлари ўрнатилди. Бу каби эътиборга молик ишлар бутун республикани қамраб олиши кўзда тутилган.

Навоий вилояти Экология бошқармаси

 Ахборот хизмати