Ultimate magazine theme for WordPress.

Наврўз умумхалқ байрами

Айни кунларда гўзал ва жаннатмакон юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрибди. Баҳорнинг илиқ кунлари, дала-даштнинг яшилликка, дарахтларнинг ажиб бир гўзалликка бурканиши кўнгилларга ўзгача бир сурур бахш этмоқда. Азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олийжаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам барчамиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Жорий йилнинг 19 март куни Навоий вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида Наврўз умумхалқ байрами нишонланди.Байрам кўтаринки руҳда ўтди.

Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, ардоқли байрам бўлмиш Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни беқиёсдир. Қадимий маданиятимиз, миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган доимий эътибор туфайли аждодларимиздан мерос қадим урф-одатлар, уларнинг турмуш тарзи, орзу-ҳавасини ўзида акс эттирувчи халқ ўйинлари Наврўз дастурига киритилиш бу байрамни янада гўзал сайлга айлантирмоқда.

Асрлар давомида ўз моҳиятини сақлаб келаётган ҳаётбахш Наврўз айёми инсон руҳини кўтариб, халқларни дўстлик риштаси билан боғлайди. Ушбу қадимий байрам жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Тинч ва осойишта юртга, фаровон турмушга шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуси мустаҳкам элга байрамлар ярашади. Вилоятимизда байрам арафасида ҳашарлар ташкил этилиб, кенг кўламли ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Янги боғ-роғлар, гулзорлар барпо этилди.

 Наврўз нафақат табиатнинг  уйғониши. Балки меҳр-саховат тантанаси сифатида ҳам улуғланади.