Ultimate magazine theme for WordPress.

Орол денгизи муаммолари бўйича Халқаро форумда шўр сувларни чучуклаштириш масаласи кўриб чиқилади

2018 йилнинг 16-18 октябрь кунлари Самарқандда ўтказиладиган Халқаро форумда Орол денгизи ҳавзасида мустаҳкам бошқарув ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун инновацион ёндашувлар муҳокама қилинади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, унда Озарбайжон, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистондан 100 дан ортиқ делегат, жумладан сиёсатчилар, халқаро ва ҳудудий ташкилотлар вакиллари, олимлар иштирок этади.

Орол денгизининг қуриб қолгани жаҳондаги энг хавфли экологик фожиалардан бири ҳисобланади. Унинг оқибатлари атроф-муҳит даражасидан-да ташқарига чиққан, унинг таъсири мазкур ҳудудда ва унинг атрофида яшовчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатмоқда. Туз ва чанг бўронлари сабабли биологик унумдорлик ва био хилма-хиллик пасаймоқда, экотизим ҳолати, сув таъминоти ёмонлашмоқда, одамларнинг саломатлиги хатар остида, иқлим ўзгарганлиги сабабли иқтисодий жиҳатдан йўқотишлар кузатилмоқда.

Марказий Осиёдаги мазкур муаммо бугунги кунга келиб халқаро даражада ҳал этилиши лозим бўлган масалага айланди, бунинг учун фожиа оқибатларини юмшатиш ҳамда Орол денгизи ҳавзасининг барқарор ривожланишини таъминлаш зарурати туғилган.

Орол денгизи муаммосидан азият чеккан давлатлардан бири Ўзбекистон эканлигини эътиборга олиб, илмий тадқиқотлар ва инновацион усуллар ёрдамида маҳаллий ҳамда халқаро мутахассисларни жалб этган ҳолда мазкур долзарб муаммони ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Шўрхок тупроқли ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги халқаро маркази (ICBA), Самарқанд Давлат университети томонидан “Орол денгизи ҳавзасида мустаҳкам бошқарув ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун инновацион ёндашувлар” Халқаро форуми ташкил этилди. Уч кун давомида бўлиб ўтадиган тадбир Ислом тараққиёт банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Қурғоқчил ерларда тадқиқотлар ва таълим халқаро платформаси (IPDRE), АҚШнинг Халқаро ривожланиш бўйича агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан молиялаштирилади.

Форум иштирокчилари ҳудудда яшовчи аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, аҳоли даромадини ошириш мақсадида инновацион ғоялар, илмий изланишлар, янги технологиялар ва сиёсий чораларни татбиқ этиш бўйича фикр алмашадилар, тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Улар, шунингдек, сув ресурсларини комплекс бошқариш, сув ресурслари ҳақидаги маълумотлар билан алмашиниш, сув ва тупроқни шўрсизлантириш ва тозалаш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқадилар. Бунда маҳаллий аҳолининг қурғоқчил ерларда сув ресурсларини бошқаруви бўйича тажрибалари ва эҳтиёжлари эътиборга олиниши назарда тутилган.

Форум билан бир пайтнинг ўзида “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалик экинларини диверсификациялаш ва моделлаштириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” деб номланган ўқув курслари ҳам ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол фожиасига қаратган эди. Бугунги кунда бу экологик инқироз оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бири этиб белгиланган.

Manba:http://eco.uz/uz/yangiliklar/7622-orol-dengizi-muammolari-b-jicha-khal-aro-forumda-sh-r-suvlarni-chuchuklashtirish-masalasi-k-rib-chi-iladi