Ultimate magazine theme for WordPress.

Семинар тренинг бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 13-14 сентябр кунлари Навоий шаҳрида (вилоят ДСЭНМ мажлислар залида) Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят партия ташкилоти фаоллари, туман (шаҳар) ва бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари учун (жами иштирокчи 62 киши) “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусидаги семинар-тренингларнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 16-24 август кунлари Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташкилотлари ҳамда бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари учун (жами 56 киши) “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусидаги семинар-тренингларнинг республика босқичи бўлиб ўтган эди. Унда сайловлар борасида амалдаги бешта қонунни ўзида мужассамлаштирган Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти,сиёсий партиянинг сайлов компаниясини ташкил этиш, сайлов компанияси стратегиясини ишлаб чиқиш, партия ва номзодлар имиджини шакллантириш, самарали сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, сайлов компанияси тактикаси, сайловга доир PR технологиялар, сайловолди тарғибот-ташвиқот ва ОАВ билан самарали мулоқотга киришиш, сайлов компанияси бош ғояси ва шиорини ишлаб чиқиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган эди. Ушбу семинар-тренингларда иштирок этганлар олган билим ва кўникмаларини иккинчи босқичда вилоятларда ўказилган семинарларда иштирокчиларга етказиши лозим эди.

Вилоят семинарларида қайд этилганидек, мамлакатимизда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга навбатдаги сайловлар ўтказилишига қисқа муддат қолди. Юртимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш лозим. Бугун фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигининг ошганлиги, ҳуқуқий онгининг юксалганлиги, сиёсий партияларга қаратилаётган эътибор, уларнинг жамият ҳаётидаги ролининг ортиши жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар, соғлом рақобат муҳитида, очиқлик ва шаффофлик, тенглик тамойиллари асосида ўтишининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат сиёсий партиялар катта имтиҳон олдида турибди. Бу борада янги ташкил этилган ва сайловларда илк бора иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси бошқа сиёсий партияларга нисбатан масъулиятни янада кўпроқ ҳис этади. 

Албатта, Экоҳаракатга берилган квотадан воз кечилиши, Экопартия учун янги имкониятлар эшигини очиб берди. Яъни, квоталаш институти Экоҳаракат имкониятларини  маълум бир даражада чегаралаб қўйган эди; халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок эта олмас, бу эса ўз навбатида вертикал тизимда ишлашга, маҳаллий экологик муаммоларни ўз вакиллари орқали жойларда ҳал этиш имконини бермас эди; Экоҳаракатда бошқа сиёсий партиялар сингари барқарор молиялаштириш манбаи йўқ эди; Экоҳаракат бошқа сиёсий партиялар каби рўйхатга олинган ўз электоратига эга эмас эди.

Шу маънода, Ўзбекистон Экологик партиясининг ташкил этилиши ва унинг сайловларда иштирок этиши имкониятига эга бўлиши юқорида кўрсатилган муаммоларни ўз ўзидан ечим топишига хизмат қилади.

 “Биз келажак учун жавобгармиз” ғояси остида ҳозирги ва келгуси авлоднинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш, экологик барқарорликка эришиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида жамиятни ижтимоий гуруҳларга ажратмаган ҳолда унинг барча куч-салоҳиятни бирлаштириш Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий мафкурасидир.

Шу маънода вилоят партия фаоллари учун “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида семинар-тренингларни ташкил этишдан кўзда тутилган мақсад ҳам сайловларга пухта тайёргарлик кўришдан иборат.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатларини олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар билан бир қаторда, мазкур соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакатда экологик ҳолатни яхшилаш ва юзага келган муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга оширишда жамиятнинг турли қатламларига мансуб фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашни тақозо этади.

Бу каби юксак вазифаларни атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида фаолият юритаётган миллий ва хорижий жамоат ташкилотлари ва ҳаракатларининг ижобий тажрибаларини ўзлаштирган сиёсий куч – партия бажаришга қодир. Давр талабидаги воқейлик сифатида жамоатчилик иродаси билан ташкил этилган Ўзбекистон Экологик партияси сиёсий ташкилот сифатида жамиятни ижтимоий гуруҳларга ажратмаган ҳолда, мамлакатимиз фуқароларининг ҳозирги ва келгуси авлодининг қулай атроф муҳит шароитида яшаши, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, уларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштиришда жамиятнинг бор куч ва салоҳиятини сафарбар қилишга ва бирлаштиришга интилади.

 “Биз келажак учун жавобгармиз!” ғоясини ўзининг бош шиори ҳисоблаган Ўзбекистон Экологик партияси — табиат ва инсон саломатлиги учун қайғурадиган, ёши, жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳақиқий ватанпарварлар, табиат муҳофазасига жонкуяр ва фидойилар, амалий ҳаракатлар, келажакка дадиллик билан интилаётганлар партиясидир.

“Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси”мавзуидаги семинар-тренингларда сайловлар борасида амалдаги бешта қонунни ўзи мужассамлаштирган Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти,сиёсий партиянинг сайлов компаниясини ташкил этиш, сайлов кампанияси стратегиясини ишлаб чиқиш, партия ва номзодлар имиджини шакллантириш, самарали сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, сайлов кампанияси тактикаси, сайловга доир PR технологиялар, сайловолди тарғибот-ташвиқот ва ОАВ билан самарали мулоқотга киришиш, сайлов компанияси бош ғояси ва шиорини ишлаб чиқиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қизғин баҳс ва мунозаралар асосида, интерфаол усулда ўтказилаётган семинар-тренинглар иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, уларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда.