Ultimate magazine theme for WordPress.

Табиатни асраш бурчимиз

Жорий йилнинг 14- феврал куни, Навоий ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида “Табиатни асраш бурчимиз” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Мазкур давра суҳбатида вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари, Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, Навоий ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.

   Орол денгизи (кўли) Марказий Осиёнинг ажойиб кўлларидан бири ҳисобланиб, бу ҳудудларида сув алмашинуви ва иқлимни мувозанатда сақлаб турувчи улкан сув ҳавзаси эди. Орол Дунё кўллари орасида Каспий, юкори кўл (Америка) ва Виктория кўли (Африка)дан кейин 4- ўринда эди. 1960 йиллардан бошлаб Орол денгизи сатҳининг тез суръатлар билан пасайиши Марказий Осиёда жиддий тус олган салбий экологик, ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб кела бошлади.

   Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг шахсан ташаббуслари натижасида “Оролқум”да саксовуллардан  ўрмонзорларни  барпо этилиши бўйича кенг қамровли ва кўламли ишларнинг жадаллик билан олиб борилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунинг натижасида минтақа юксалишнинг ҳар жиҳатдан янги босқичига чиқади. Чунки инсоният ва она табиатнинг барқарорлиги ҳамда тақдири  ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир.

    Тадбирни кун тартибидаги масала юзасидан Навоий вилояти Экология ва атроф мухитни муҳофаза қилиш бошқармаси Навоий шаҳар Экология ва атроф мухитни муҳофаза қилиш инспекцияси инспектори Ҳ.Мамадяров сўзга чиқди ва тадбир иштирокчиларини бугунги кундаги долзарб бўлган экологик муаммолар ҳақида маълумот берди. Хусусан экология соҳасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Орол денгизи тарихига, бу муаммони келиб чиқиш сабаблари  бўйича маълумот бериб, ўқувчилар билан мунозарали савол – жавоблар ташкил этдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016-йил 05-октябрдаги ПФ-4848 Фармонининг мазмуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 27.07.2017-йилдаги №430-сонли яъни “Ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини янада тартибга солиш чора–тадбирлари тўғрисида”ги қарорларнинг бажарилиши бўйича маълумот берди. Бугунги кунда экология муаммолари умумжаҳон  муаммосига айланган. Шу сабабли бу масала ечимига бир, икки давлат эмас, балки ўз атрофимиздаги олам мувозанатини ўйлаётган кўпгина давлатлар эътибор бермоқда. Жумладан, бу муаммо ечими Республикамизда ҳам давлат сиёсати даражасигача кўтарилган.

       Экологик тарбияга эътибор юртимизда оиладан, боғчадан бошлаб юборилган. Ҳозирги пайтда умумтаълим мактабларида ҳам экологик йўналишдаги синфларнинг ташкил этилиши ва шулар асосида лицей ва мактабларда таълим — тарбия ишларининг олиб борилиши ёшларга мактаб партасиданоқ табиатга муҳаббат руҳида тарбия беришга астойдил киришилганлигидан далолатдир. «Жамиятнинг иқтисодий ривожланиш даражаси қанчалик юқори бўлса, унинг табиатга таъсир этиш даражаси ҳам шунчалик кўп бўлар экан. Аҳоли сонининг тез ўсиб бориши натижасида экологик муаммолар кўпайиб бормоқда. Айниқса, ер, сув, энергетика, озиқ — овқат билан таъминлаш ҳақидаги муаммолар бутун дунёда глобал муаммоларга айланиб бормоқда. Ер бағридан ҳар йили 120 млрд. тоннадан ортиқ турли хилдаги хом ашё, қурилиш материаллари, ёқилғини қазиб олиниши ва сарф қилиниши табиий бойликлар миқдорининг камайиб боришига сабаб бўлмоқда.