Ultimate magazine theme for WordPress.

Тоза ҳаво учун барчамизмасъулмиз!

Йилдан йилга автотранспорт воситаларининг сони ортиб бориши инсонлар турмуш тарзининг яхшиланиши ва автомобилсозлик  саноатининг ривожланишининг бир белгиси бўлса, иккинчи томондан автомобилларда ёқилғи ёқилиши билан ажралиб чиқувчи чиқинди газлари миқдорининг ошиши натижасида атроф-муҳитга салбий таъсирининг кўпайишига олиб келиши ҳеч кимги сир эмас.

            Ҳозирги кунда Навоий вилоятида атмосфера ҳавосига ташланадиган жами ташламаларнинг 35 фоизи транспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдорига тўғри келади.

Автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари  таркибида  углерод, азот, олтингугурт оксидлари, альдегидлар,  бенз(а)пирен ва бошқа зарарли моддалар мавжуд. Бу зарарли моддалар эса атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни, нафас оладиган тирик организмларга энг асосийси инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чиқаради. Нафас йўллари, қон-томир хасталикларининг кўчайишига, тўқималар фаолиятининг бузилишига, тери, ошқозон-ичак ва кўз хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади.

            Автотранспорт воситаларининг двигателларидан чиқаётган чиқинди газларининг атмосфера ҳавосига ташланишига камайтириш мақсадида, Республика миқиёсида ҳар йили  “Тоза ҳаво” тадбирлари 10 апрелдан 10 майгача биринчи босқичи, 15 августдан 15 сентябргача иккинчи босқичи мунтазам ўтказилиб келинмоқда.

     “Тоза ҳаво” тадбирларини Навоий вилоятида самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти ҳокимининг 2018 йил 23 апрелдаги  Ф-40-сонли фармойиши, ҳамда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2018 йил 23 мартдаги №43-сонли буйруғи чиқарилди.

            Фармойишга асосан вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Давлат санитария Эпидимеология назорати маркази ва Ўзнефтегазинспекция Навоий бўлими раҳбарларидан ташкил топган ташкилий қўмита ишчи гуруҳи ташкил этилди.

            Ишчи гуруҳи томонидан тадбирни самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида қўшма тадбир ишлаб чиқилди.

            Вилоятнинг серқатнов автомагистралларида 11 та кўчма Экологик постлар ташкил қилиниб, постлар зарур ўлчов ускуналари билан таъминланди. Бу кўчма постларда ҳар куни 500 дан ортиқ автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташланадиган чиқинди газлари миқдорини ўлчаш ишлари амалга оширилмоқда. Чиқинди газлари белгиланган меъёридан юқори бўлган автотранспорт воситалари эгаларига нисбатан ЙХХБ ходимлари томонидан маъмурий чоралар қўлланилиб, автотранспортлар созлаш учун вақтинча тўхтатилиб, созланганидан кейин ҳаракатланишга рухсат берилмоқда.

            Бундан ташқари “Тоза ҳаво” тадбирини ўтказиш давомида аҳоли ва кенг жамоатчиликка унинг аҳамияти, мазмун-моҳияти, ҳаво мусаффолигини таъминлашда автомабил эгаларининг  бурч ва масъулиятлари хусусида ҳайдовчилар, корхона ва ташкилот раҳбарлари ўртасида тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишлари кенг миқёсида олиб борилмоқда.