Ultimate magazine theme for WordPress.

Тоза ҳаво учун барчамиз маъсулмиз!

Республика миқёсида ҳар йили икки босқичда ўтказилаётган «Тоза ҳаво» ойлигини вилоятда самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш,  атмосфера ҳавосини автотранспорт воситаларидан ташланаётган зарарли чиқиндилар билан ифлосланишини камайтириш ва уларнинг заҳарлилик даражасини текшириш бўйича Давлат назоратини кучайтириш ҳамда автомобилларга ёқилғи қуйиш, техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида, автокорхоналарида, автомобил йўлларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиниши назоратини олиб бориш  максадида «Тоза хаво» тадбирининг биринчи босқичи ўтказилди. 

Йилдан йилга автотранспорт воситаларининг сони ортиб бориши инсонлар турмуш тарзининг яхшиланиши ва автомобилсозлик саноатининг ривожланишининг  бир белгиси бўлса, иккинчи томондан автомобилларда ёқилғи ёқилиши  билан ажралиб чиқувчи чиқинди газлари миқдорининг ошиши  билан атроф муҳитга салбий таъсирнинг кўпайишига олиб келиши ҳеч кимга сир эмас.

         Хозирги кунда атмосфера ҳавосига ташланадиган жами ташламаларнинг 50-60 фоизи транспорт воситаларининг  чиқинди газлари миқдорига тўғри келади.

Автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари таркибида углерод, азот, олтингургут оксидлари, альдегидлар, тетраэтилсвинец, бенз(а)пирен ва бошка зарарли моддалардан иборат. Бу зарарли моддалар эса атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни, нафас оладиган тирик организмларга, энг асосийси инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чиқаради. Жумладан, нафас йўллари, қон-томир хасталикларининг кучайишига, тўқималар фаолиятининг бузилишига, тери, ошқозон-ичак ва кўз хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади.

         Автотранспорт воситаларининг двигателларидан чиқаётган чиқинди газларни атмосфера ҳавосига ташланишини  камайтириш  мақсадида Республика миқёсида ҳар йили икки босқичда  «Тоза ҳаво» тадбирлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. «Тоза ҳаво» тадбирларини   Навоий вилоятида самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида  Навоий вилояти ҳокимининг 2019 йил 26-апрелдаги Ф23-сонли фармойиши, ҳамда вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси қўмита раисининг 2019 йил 24 мартдаги № 45-Б- сонли буйруғи чиқарилди.

         Фармойишга асосан вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси,   йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Давлат Санитария Эпидемиология   назорати маркази, ва Ўзнефтегазинспекция Навоий бўлими  раҳбарларидан ташкил топган  ташкилий қўмита ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Ишчи гуруҳи томонидан тадбирни самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида  қўшма тадбир ишлаб чиқилди. Вилоятнинг серқатнов автомагистралларида 11 та экологик постлар ташкил қилиниб, тадбирнинг 1-босқичи давомида  постларда 6845 та, автокорхоналарнинг кириш чиқиш жойларида 887 та  автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдори ўлчанди. Натижада 172 та автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдори белгиланган меъёрлардан юқори эканлиги аниқланди.

   «Тоза ҳаво» тадбирини ўтказиш давомида атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлашда автомобил  ҳайдовчиларининг бурч ва маъсулиятлари хусусида ҳайдовчилар, корхона ва  ташкилот раҳбарлари ўртасида тушунтириш ишлари кенг миқёсда олиб борилди.