Ultimate magazine theme for WordPress.

Хазонни ёқманг!!!

Куз деганда, кўз олдимизда энг аввал шундай манзара келади: енгилгина шабода, дарахт шохларидан олтиндай товланган япроқлар бирма-бир узилиб, ерга пояндоздай тўшалмоқда. Боғларда юрсангиз, хазонга айланган барглар пойингизда гиламдай ястанади, йўлкаларни-да бошдан-оёқ «хазон сипоҳи» ишғол этган…

Маълумки, ўлкамизга куз фасли келиши билан хазон мавсуми бошланади. Маҳаллаларда, айрим корхона ва ташкилотлар ҳудудларида хазонларни тўплаб ёқиб юбориши ҳолатлари кузатилади. Статистик маълумотларга кўра, 1 тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ташланади. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа  моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазон тутуни атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Бунинг эса зарарли эканлиги ҳаммага аён. Айниқса, чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ тарқатади. Ундан ажралаётган заҳарли тутун атмосферада тўпланиб, ҳавога карбонат ангидрид газини чиқаради. Бир тонна хазон ёқилганда, сизу биз нафас олаётган ҳавога 30 килограммгача углерод оксиди тарқалиши аниқланган. Бундан ташқари, бензопирен, углеводород, сульфит ангидриди каби зарарли моддалар, токсинли диоксинларнинг ҳам атрофга  тарқалиши оддийгина хазондан юзага келаётган хавф қанчалик катта эканлигини англатади.

Демак, ўз-ўзидан маълумки, бундай зарарланган ҳаво инсон организми учун кони зиёнга айланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизимини шикастлантиради. Шу билан бирга, бундай ҳаво ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, шунингдек, юрак-қон томир, нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ таъсир этади.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига қатъий риоя қилиш атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлигини ҳимоялашда алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида “аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача микдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дея алоҳида таъкидланган. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар, маҳалла фаоллари соғлом экологик вазиятни сақлаш ишларидан четда қолмаслиги лозим. Экологик қоидаларни бузган шахсларнинг аниқланишида маҳалла фаолларининг роли жуда ҳам муҳим.

Мухтасар қилиб айтганда, сарғайиб ерга тушаётган япроқларни ёқиш кони зарар. Уларни тўплаб, кўмиш энг самарали ва тўғри усул. Шунда хазон тупроқ учун ўта фойдали чириндига айланади. Ерлар унумдорлигини оширишда, табиийки, бундай безарар ўғитнинг фойдаси катта. Шу ўринда таъкидлаш керакки, табиат пухталик билан ишлайдиган механизмга ўхшайди. Яъни дарахтлар, умуман, барча ўсимликлар баҳорда униб-ўсади, барг ёзади, гуллайди, ёзда мевага киради, кузда эса аста-секин сарғайиб, ўз умрини поёнига етказади ва ер бағрига сингишга интилади. Келаси баҳорда яна заминдан бош кўтариб чиқиш, яна ҳаётини давом эттириш учун. Демак, табиатнинг мана шу олтин қоидасига путур етказмаслигимиз керак. Шундагина инсон борлиқ билан уйғунликда ҳаёт кечира олиши, табиатдаги мувозанат ҳам издан чиқмаслиги мумкин.

Хазонни саранжомлаш у қадар қийин иш эмас, фақат бу вазифага тўғри ёндашиш керак, холос. Кейинги пайтларда хазонни ёқмаслик кераклиги ҳақида кўп ва хўп гапирилаяпти, мутахассислар томонидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаяпти, аммо баъзида, барибир, айрим жойларда ёқилаётган хазоннинг аччиқ тутуни димоқни ачиштириб, кўнгилни беҳузур қилишига гувоҳ бўламиз.

Бугунги кунда пойтахтимизда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ўз самарасини кўрсатмоқда, дарахтлардан тўкилган хазонларни йиғиб Ободонлаштириш ва махсустранс бошқармалари кўмагида шаҳар ташқарисига тегишли жойларга ташланмоқда. Бунинг натижасида хазон ёқишнинг олди олинмоқда.