Ultimate magazine theme for WordPress.

Экологик партия таъсис съездига делегатлар сайланди

2018 йилнинг 13 декабр куни Навоий шаҳрининг “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон экологик партияси таъсис съездига Навоий  вилоятидан делегатлар сайлаш бўйича конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда экологик сиёсий партия тузиш бўйича ташаббускорлар, экология ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакилларидан иборат жами 150 нафар фуқаролар қатнашди.

Конференцияда Ўзбекистон экологик партиясини тузиш бўйича кўрсатилган ташаббус ва Ўзбекистон экологик партиясини тузиш бўйича Ташкилий қўмита томонидан олиб борилаётган ишлар, тузилаётган партиянинг Устави ва Дастури лойиҳаси,  партиянинг таъсис съездига вилоятдан делегатлар сайлаш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

Йиғилишда сўз олганлар томонидан таъкидланганидек, ўтмишда атроф муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизи қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви,  биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби бир қатор глобал ва минтақавий экологик муаммоларни пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу муаммолар иқлим ўзгариши содир бўлаётган шароитларда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон учун ҳам атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалаларини янада долзарб қилиб қўймоқда.

Мамлакатда ушбу вазифаларни амалга оширишга кўмаклашишга илк қадам сифатида жамоат ташкилотларининг ташаббуси асосида Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 15 та депутатлик ўрнига квота ажратилиши эса атроф муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “……. 2008 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўтган даврда чинакам сиёсий кучга айланди. Аммо тан олиш керак, Ҳаракат вакиллари парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтирмоқда. Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш ва парламент қуйи палатасидан Экологик ҳаракат вакиллари учун махсус ўрин ажратишдан воз кечиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу ўзгариш сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтиради ва Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Аввал хабар берилганидек,  жорий йилнинг 14 ноябрь куни бир гуруҳ ташаббускорлар томонидан Ўзбекистон фуқароларининг бугунги ва келажак авлодларини қулай шароитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш мақсадларида иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролар саломатлигини сақлашга йўналтирилган тизимли ўзгаришларга жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга даъват қиладиган сиёсий куч – Ўзбекистон экологик партиясини тузиш таклифи маъқулланиб, Партия тузиш бўйича Ташкилий қўмита шакллантирилган эди.

Партияни ташкил этиш “йўл харитаси”га мувофиқ ўтказилган конференцияда иштирокчиларга Ўзбекистон экологик партиясини тузиш бўйича Ташкилий қўмита томонидан олиб борилаётган ишлар,  Партиянинг Устави ва Дастури лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда сўз олганлар бўлғуси экологик партия олдида катта ва масъулиятли ишлар турганлигини алоҳида қайд этиб ўтишди.

Мамлакатда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Ўзбекистон аҳолиси учун қулай экологик шароит яратиш ва ноёб табиатни сақлашга жамиятнинг барча кучларини сафарбар қилиш, ҳудудий ва маҳаллий экологик ва фуқаролар соғлигини муҳофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жамиятда экологик маданият даражасини кўтариш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларида миллий ғурур, Ватанга ва табиатга содиқлик ва муҳаббат ҳиссини шакллантириш ва мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратиш, ёшларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш ишларига ҳисса қўшиш, атроф муҳитни мофаза қилиш ишларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Орол дегизи қуриши натижасида юзага келган экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, Орол денгизи инқирозининг салбий оқибатларани юмшатиш  каби вазифалар шулар жумласидандир.

Зеро, муҳтарам юртбошимизнинг таъбири билан айтганда “Ҳеч шубҳасиз, Орол денгизининг қуриши муаммоси бизнинг минтақавий фаолиятимиз кун тартибида алоҳида ўрин тутади – бу бизнинг умумий фожиамиздир. Унинг салбий оқибатлари, афсуски, тобора чуқурлашмоқда. Оқибатда биз сув ресурслари тақчиллиги, ичимлик суви сифатининг ёмонлашуви, тупроқнинг деградацияга учраши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши, жиддий иқлим ўзгаришларини яққол сезиб турибмиз. Биз умумий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз лозим”.

Конференцияда экология ва атроф муҳитни муҳофза қилиш соҳасида жонбозлик кўрсатаётган, шу соҳада тажриба ва салоҳиятга эга номзодлар орасиданЎзбекистон экологик партияси таъсис съездига вилоятдан  13  нафар делегатлар ошкоралик принциплари асосида сайлаб олинди.

 Конференцияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.