Ultimate magazine theme for WordPress.

ЯНГИ СТРАТЕГИЯ АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ

Мамлакатимизда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизими яратилмоқда. Бу ҳақда Президентимиз томонидан жорий йилнинг 17 апрель куни имзоланган “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори яққол мисол бўлади.

Мазкур стратегия дастури аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга йўналтирилади. Санитария ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий полигонларни яратиш, уларга кўмиладиган чиқиндилар ҳажмини камайтириш, тозалаш соҳасида нархлар шаклланишини такомиллаштириш ва тарифларни оптималлаштириш ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларидан муқобил энергия манбалари сифатида фойдаланиш бажарилиши лозим бўлган асосий вазифалар сифатида белгиланди.

Қарорда асосий принциплар ҳам қайд этилган бўлиб, биринчи навбатда стратегияни амалга оширишнинг барча босқичларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилади. Шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш, харажатлар чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан қопланишини кўзда тутувчи, тегишли ҳуқуқий ва иқтисодий асосларни яратиш заруриятини белгиловчи “ифлослантирувчи тўлайди” принципини жорий қилиш,  бу соҳада хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Стратегия икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 2019-2021 йилларни ўз ичига олиб, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик базаси ва иқтисодий тартиботлар механизмларини такомиллаштириш, санитария жиҳатидан тозалашнинг моддий-техник базаси, инфратузилмаси ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш, экологик таълим тизимини ривожлантириш учун методик ва ахборот таъминотини яратишга эътибор қаратилади.

Иккинчи босқич эса 2022-2028 йилларга мўлжалланган. Унда полигонлар оптималлаштирилиб, қайта юклаш станциялари ва чиқиндиларни қайта ишлаш объектлари қурилади, бу борада кластерлар фаолияти такомиллаштирилади. Асосий мақсад эса аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олишни 100 фоизга етказишдир. Ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 60 фоизини қайта ишлашни таъминлаш, Қаттиқ маиший чиқиндиларни (таркибида симоб бўлган чиқиндилар, автошиналар, аккумуляторлар, ишлатиб бўлган мойлар, қадоқлаш чиқиндилари) қайта ишлаш ҳажмини 25 фоизга ошириш, полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини 60 фоизгача камайтириш, ёпилган махсус ҳудудларни тўлиқ рекультивация қилиш ва бу турдаги объектларда муқобил энергия манбаларидан 35 фоизгача фойдаланиш кўзда тутилмоқда.