Ultimate magazine theme for WordPress.

Ахборот сайтлари томонидан тарқатилган “Навоийда 13 мингдан ортиқ ёввойи ҳайвонлар ноқонуний овланганлиги аниқланди” мавзусидаги ахборотига расмий МУНОСАБАТ

Давлат экология қўмитаси “Навоийда 13 мингдан ортиқ ёввойи ҳайвонлар ноқонуний овланганлиги аниқланди” мавзусидаги ахборот айрим ахборот сайтларида нотўғри талқин қилинганини маълум қилади.

Хусусан, Навоий вилоятида 13 мингдан ортиқ ёввойи ҳайвонлар ноқонуний овланмаган. Яъни, ўтказилган текширувда “Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси” Навоий вилоят бўлими мансабдорлари Давлат экология қўмитаси томонидан берилган квота доирасидан четга чиқиб, овчиларга рухсатномалар берилганлиги натижасида жами 13676 бош ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний овланишига имконият яратилганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ва Ботаника институти, Давлат молия назорати департаменти ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарори ижроси юзасидан Навоий вилоят Экология ва атроф — муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда “Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси” Навоий вилоят бўлимида текшириш ўтказилган.

Текшириш давомида “Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси” Навоий вилоят бўлими томонидан берилган жами ов йўлланмаларининг 1707 тасида овчилар томонидан ов йўлланмаси ов тугаганидан сўнг қайтарилиши белгиланган бўлса-да, қайтарилмаган. Бундай ҳолатларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 90-моддаси 1-қисмига асосан ҳуқуқбузарлик назарда тутилган. Давлат Экология қўмитаси томонидан 1707 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларига аниқлик киритиш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолатлар ўрганилиб тегишли чоралар кўрилади.

Навоий вилояти Экология бошқармаси
Матбуот хизмати