Ultimate magazine theme for WordPress.

БАРГИ ХАЗОНЛАРНИ ЁҚМАНГ

Ўлкамизда  куз фаслининг сўнгги ойи ҳам тугаб бормоқда. Ҳаммамизга маълумки куз келиши билан дов-дарахтларнинг барглари  олтин тусга кира бошлайди.  Шу тариқа табиат  қишки уйқуга ҳозирлик кўради. Бир томондан қарасангиз чор атроф олтин тусга кирганлиги дилларни қувонтирса,  иккинчи томондан қуриган баргларнинг ерга тўкилиб атрофга тарқалиши дилни хира қилади. Лекин дарахт шохларида ям-яшил бўлиб турадиган, иссиқ пайтлари оромбахш соя берадиган барглар сарғайиб ерга тушганда баъзи фуқаролар томонидан уларни дархол йиғиштириб йўқ қилишнинг энг осон йўли ёқиб юборишга шошиладилар.

Қуриган япроқлар ёки хазон ёниши учун юқори ҳарорат талаб  қилинмайди, лекин ёниши оқибатида бир қанча зарарли моддалар ажралиб чиқади. Маълумот учун шуни айтиш лозимки 1 тонна барги хазон ёнганда атмосфера ҳавосига           30 килограмм углерод оксиди ва бир қанча зарарли газлар ажралиб чиқади.           Бу заҳарли моддалар эса атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни, нафас оладиган тирик организмларга энг асосийси инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чиқаради. Жумладан нафас йўллари, аллергия, сил ва саратон хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади. Шифокорларнинг маълумотларига кўра атмосфера ҳавосини ифлосланишининг организмга таъсири инсоннинг индувидуал хусусиятлари ёши, жинси, саломатлигига боғлиқдир. Ёш болалар, кексалар ва беморлар заиф бўладилар. Шунинг учун улар тезроқ ва оғирроқ зарар кўришар экан.

  Одатда, биз атмосфера ҳавосининг ифлосланиб кетаётганлигидан нолиймиз, зорланамиз, лекин унинг ифлосланишида инсонларнинг таъсири катталиги ҳақида ўйлаб кўрмаймиз.

Баргихазонларни йиғиб,  махсус чиқиндихоналарга  чиқариб компослаш йўли билан кейинги йилда  қишлоқ хўжалигида махаллий ўғит сифатида   ишлатиш мумкин.

Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси топшириғига асосан туман (шаҳар) Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекциялари барги хазонларни ёқилишини олдини олиш мақсадида ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига, таълим муассаларига, поликлиникаларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига барги хазонларни ёқилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш хатлари бериб тарғибот ишлари олиб боришмоқда.   

Вилоятимиз бўйича куз мавсумида  шох-шаббалар ва ўсимлик қолдиқлари ҳамда барги ҳазонларни  ноқонуний ёққанлиги учун 40 нафар қонунбузарларга нисбатан 28544,0 минг сўм  миқдорида жарима қўлланилди. Биз экология ва  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мутахассисларининг мақсадимиз фуқароларни ушбу қонунбузилиш холатлари бўйича жаримага тортиш эмас, аксинча уларда табиатга бўлган меҳрни кучайтириб, барчамиз учун керакли ва азиз бўлган она табиатимизни келажак авлод учун асрашдан иборат.

Атроф табиий муҳитни асраш барчамизнинг инсонийлик бурчимиз.

 

   Вилоят Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси З. Мирзаева