Ultimate magazine theme for WordPress.

Навоий вилояти ҳокими, сенатор Турсунов Кобул Бекназаровичнинг вилоят аҳолиси ва фаолларига М У Р О Ж А А Т И

     Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар

 Тарихдан маълумки, ҳамма замонларда ҳам инсоният тараққиёт ва тамаддун сари интилар экан, табиат ва башарият ўртасидаги мутаносибликни, борлиқ ва табиатнинг ўзаро боғланган ришталарини бир маромда сақлаб қолишга ҳаракат қилиб келган.

Зеро, бутун борлиғини биз билан бирга баҳам кўриб, ўзининг иссиқ тафтида асраб, авайлаб келаётган Она табиат билан бутун инсоният тақдири чамбарчас боғлиқ эканлигини яхши биламиз.

Бепоён Қизилқум саҳросида жойлашган жонажон вилоятимиз ҳам ўзининг бетакрор табиати, чўл ва саҳролари, тоғу даштлари, дарё ва сув ҳавзалари, жозибадор флора ва фаунаси билан асрлар давомида аждодларимизни доимо ўзига мафтун этиб келган.

Сахий заминимиз ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари билан нафақат вилоятимиз, балки бутун республикамиз манфаатига беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Жумладан, ер майдонлари ва конлар ўзлаштирилмоқда, янгидан янги аҳоли масканлари бунёд этилиб, замонавий инфратузилмалар яратилмоқда. Албатта, бундай шараф барчамизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.

Аммо халқимизда “олмоқнинг бермоғи бор” деган нақл бежизга айтилмаган. Зеро, асрлар давомида она табиатнинг бизга бериб келаётган беминнат ва беғараз сахийликларидан самарали фойдаланиш, уни келажак авлодларга ҳам бекаму кўст етказиш мажбурияти ва бурчи борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим!

Ҳолбуки, бутун дунёда бўлгани каби бизнинг вилоятимизда ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар йил сайин ортиб бораётгани, аксарият ҳолларда жиддий ва ташвишли  қиёфа касб этаётгани ҳам афсуски, айни ҳақиқат!

Бугун Сиз қадрли навоийликларга, азиз юртдошларимга  мурожаат қилиб яна бир бор таъкидлашни истардим:

Она табиатимизнинг ҳар бир неъматини асраб авайлайлик, боридан унумли ва мақсадли фойдаланиб, фақат бугунги кунни эмас, эртамиз эгалари бўлган, жондан азиз фарзандларимизнинг ҳам ана шундай буюк неъматлардан бебаҳра бўлиб қолмасликлари учун мсъул эканлигимизни унутмайлик! 

Қадрли юртдошлар!

Сир эмаски, аксарият ҳолларда, сиз ва бизнинг ёнимизда юрган айрим инсонларнинг кўр-кўрона ҳатти-ҳаркати билан она табиатимиз мувозанатига, ҳудудимиз экологиясига, атмосфера, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига  жиддий зиён етказилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

 Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиз бўйича 1600 тадан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқлангани, афсуски, бунинг яққол исботидир.

Маълумки, ўтган асрнинг ўрталарида табиатга қилинган нотўғри муносабат, миллионлаб ер майдонлари ва тўқайзорлардан қонунга хилоф тарзда фойдаланиш, чўлларни кенг миқёсда ўзлаштириш натижасида аянчли экологик вазият юзага келди.

Орол денгизи қуриши, дарёлар ўзанларидаги минглаб гектар табиий ихотазорлар йўқ қилиниши натижасида иқлим ўзгариб, шўрланиш даражаси ортиб кетди, бу эса турли одамлар ўртасида касалликлар авж олишига ҳам сабабчи бўлди.

Узоққа бормайлик, Зарафшон дарёсининг бундан бир неча ўн йил олдинги ҳолати, унинг ўзани юзлаб қуш ва ҳайвонларга макон бўлганини кўпчилигимиз яхши эслаймиз.

Афсуски, йиллар давомида она табиатга эътиборсизлик ёки нотўғри муносабатда бўлиш наботот ва ҳайвонот оламига, шунинг баробарида бутун бир экологияга салбий таъсир ўтказмай қолмади.

Албатта, иқтисодиётимизни саноат тараққиётсиз тасаввур эта олмаймиз. Навоий вилояти ҳам саноати ривожланган ва жадал суръатда юксалиб бораётган ҳудуд ҳисобланиб, янги ишлаб чиқариш корхоналар барпо этиш ҳисобига кенгайиб бормоқда.

Бугунги кунда вилоятимизнинг саноат корхоналари томонидан ҳанузгача манъан эскирган ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланилиши ҳисобига ҳар йили атмосферага қарийб 50 минг тонна ифлослантирувчи чиқинди чиқарилади. Ушбу салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун эса замонавий илғор технологияларни жорий этиш ҳамда модернизация қилишни бугунги давр тақозо этмоқда.

 Яна бир оғриқли нуқталаримиздан бири – бу инсоният томонидан ўсимлик дунёсига етказилаётган зарар ва эътиборсизликдир.

Биламизки, саксовул ва барханлар Қизилқум саҳроси безаги, қумларни бир жойда сақлаб турувчи ҳимоя тўсини ва таянчи ҳисобланади. Аммо, чўл ҳудудларида яшовчи маҳаллий аҳоли, ҳаттоки, қўшни вилоятлар фуқаролари томонидан саксовуллар аёвсиз кесиб, ташиб кетилиши оқибатида нафақат, табиат мувозанати, бевосита инсонлар саломатлигига ҳам жиддий таъсир салбий кўрсатмоқда .

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида 208 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жисмоний шахсларга 265 млн. сўмга яқин жарима қўлланилди. Аммо энг ачинарлиси, тўланган моддий жарималар эвазига бир неча ўн йиллик ўсимлик дунёсини, бузилган экологияни тиклаб бўлмайди.

Бугун дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган муаммолардан яна бири бу маиший чиқиндилар эканлигини яхши биламиз.

Зеро, халқимиз ҳам азал-азалдан ўз уйи, кўчаси, маҳалласини тоза-озода тутишни ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи деб билган. Аммо сўнгги пайтларда аҳоли томонидан турли маиший чиқиндиларни дуч келган манзилларга ташлаб, оддий эътиборсизлик оқибатида айрим ҳудудларда сунъий равишда антисанитария ҳолатлари юзага келтиришмоқда.

Биринчи галда ўзбекона маданият, инсонийлик бурчи, ташаббускорлик ва ҳар бир амалимиз ўзимиз учун эканлигини чуқур англашимиз лозим бўлади.

Бундан ташқари, сўнгги пайтларда кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, қурилиш хом ашёси ва материалларига эҳтиёж ошмоқда.

Аҳоли ва баъзи тадбиркорлар томонидан дарёлар ўзани ҳамда тоғли ҳудудларда ҳеч қандай рухсатсиз ноқонуний каръерлар ташкил этиб, тош ва қум-шағалларни қазиб олиш ишларига қўл уришмоқда. Бу ғайриқонуний ҳаракатлари билан улар атроф-муҳитга салбий зиён етказишмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу каби қонунбузилишлар ва уларнинг олдини олиш ишлари эса доимий равишда тегишли ваколатли назорат органлари эътиборида бўлиши керак.

Айни пайтда, ўлкамизда куз фасли кезмоқда. Боғ-роғларга шакл ва ишлов бериш, ҳосилдан бўшаган ерларни шудгор қилиш, ҳар бир ҳудуд иқлимига мос манзарали дарахт ниҳолларини ўтқазиш мавсуми ҳадемай бошланади.

Бу палла аҳоли учун яшаб турган ҳовли, кўча, маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатдир. Чунки тозалик ва озодалик бор жойда қут-барака, хосият мўл бўлади.

Айниқса, дарахт ниҳолларини ўтқазишда атмосферага кислород ажратиб берувчи кенг баргли, яъни, тол, терак, павлония, липа, акация, айлант, арча ва бошқа дарахт кўчатларини экишга алоҳида эътибор беришни ва кўпайтиришни тавсия этган бўлардик.

Вилоятимизнинг ҳудудий жиҳатдан кенглиги, ов қилиш учун қулай ҳудуд бўлгани учун нафақат вилоятимиз, балки бошқа вилоятлар овчиларининг ҳам сафи кенгайишига сабаб бўлмоқда. Аммо бу имкониятлардан нотўғри фойдаланиш, фауна ва флора оламига ваҳшийларча муносабатда бўлиш Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етказиш афсуски, авж олмоқда.

Ачинарлиси, ўтган йили ноқонуний ов билан шуғулланган 1400 нафар овчилар сони аниқланган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 1600 нафардан ошганлигини кўрсатмоқда.

Минг афсуски, ноқонуний ов билан шуғулланаётган орасида раҳбар ходимлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари ҳам учраб турибди.

Она табиат Яратганнинг бебаҳо неъмати, қолаверса давлат мулкидир. Уларга зиён етказишга ҳеч кимнинг асло ҳаққи йўқ. Шундай экан, табиатга шавқатсизларча муносабатда бўлаётганларни тартибга чақириш, ўрни келганда жазо муқаррарлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда бу каби ноқонуний фаолиятни жиловлаш фурсати келди, деб ҳисоблайман.  

Азиз ҳамюртлар!

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборидаги устувор йўналишлардан биридир.

Ҳозирги вақтда миллий қонунчилигимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича фаолиятни тартибга солувчи 30 дан ортиқ қонунлар ва 140 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани бунинг яққол исботидир.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда юртбошимиз раҳбарлигида она-табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳатлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Юртбошимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, давлатимиз Раҳбарининг шу йил Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Экология кодекси қабул қилиш тўғрисида”ги таклифи соҳа равнақи ва келажаги учун тарихий воқеилик бўлди.

Ҳозирги давр экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, соҳада туб ислоҳотлар ўтказишни талаб этмоқда. Чунки амалдаги қонунчилик талабларида қонунбузарларга нисбатан жазо тариқасида фақатгина Маъмурий жавобгарлик белгиланган, холос.

Ҳолбуки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида махсус қонунчилик асосида амалий чора-тадбирлар кўрилмаса, уларнинг табиатда йўқ бўлиб кетиши хавфини йўқотиб бўлмайди. Чунки табиат мўъжизаларининг ҳар бир тури такрорланмас, ягона, ўзига хос ўринига ва муҳим аҳамиятга эга бўлган инъомдир. 

Шундай экан, бизнинг фаол депутатларимиз табатга етказилган ҳар қандай зарар ва йўқотишларга кўриладиган жазо чораларини янада кучайтириш юзасидан ўзларининг асосли таклифларини ишлаб чиқадилар, деган умиддаман

Ҳурматли туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари! 

Ўз ҳудудингизда экологик вазият барқарорлигини таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш борасида ташкилотчилик, ташаббускорликни намоён этиш ҳамда  она табиатни  талон-тарож қилишга йўл қўймаслик борасида фаоллик кўрсатишингиз талаб этилади. Экологик вазият барқарорлигида сизнинг эътиборингиз ва кўмагингиз жуда ҳам муҳимдир.

Қадрли халқ вакили — депутатлар, жамоатчилигимиз вакиллари!

Жойларда экология тарбия ва маданиятни қарор топтиришда депутатларимиз ва жамоатчилигимиз, маҳалла фаолларимиз кўмагига таянамиз!

Чунки, сизлар ҳамиша халқ орасида бўлиб, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда жонбозлик кўрсатасизлар. Сизларнинг бу эзгу ва хайрли ташаббусларингиз эко олам барқарорлигида етакчи ўрин тутади. Шу боис, айни кунларда бу борада янада фаол бўлишингизни, халқимизни ортингиздан эргаштиришингизни сўраб қоламан.

Бу муқаддас замин — барчамизники. Жонажон мамлакатимиз экологияси, бебаҳо табиати, ҳар бир гиёҳи, сув ресурслари, ер усти ва ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш, асраш, уларни келажак авлодларга бус-бутун етказиш бугун ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Олдимизда кечиктириб бўлмас муҳим вазифалар турибди. Бугун бу борада чуқур қайғурмасак, эртага унинг асоратидан ўзимиз, ўсиб келаётган фарзандларимиз қаттиқ азият чекиши турган гап. Бунинг учун эса ҳаммамиз уйғонишимиз, лоқайдлик ва бефарқлик кайфиятидан холос бўлишимиз лозим.

Албатта, бу борада кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга ошириш, аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда кенг жамоатчилик, нуронийлар, депутатлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари кўмагига таянамиз.

Қадрли ҳамюртлар!   

Бир сўз билан айтганда, Яратганнинг бебаҳо инъоми бўлган  муқаддас она табиатига зиён етказиш асло кечирилмас ҳатодир.

Зеро, буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний таъкидлаганларидек, “Агар инсонлар табиатга нисбатан беписанд муносабатда бўлиб, унинг қонуниятларини бузсалар, табиат бир кун келиб шундай ўч оладики, уни ҳеч қандай куч қайтаролмайди”.

Шундай экан, вилоятимиз экологияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда барча вилоятимиз аҳлини, давлат ва жамоатчилигимиз вакилларини барчани яқин ҳамкорликка, фаолликка даъват этаман.

МУРОЖААТ

Эътиборингиз учун рахмат

 Навоий вилояти Экология бошқармаси