Ultimate magazine theme for WordPress.

ОВ МАВСУМИДА ЯНГИ ТАРТИБЛАР

Республикамизда 15 сентябрдан бошлаб ов қилиш мавсумига рухсат берилди. Хўш, мавсум олдидан қандай янги тартиблар жорий қилинмоқда? 

Мамлакатимизда Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси томонидан рўйхатдан ўтган овчилар сони 38 мингдан ошади. Лекин ноқонуний ҳаракатланувчилар ҳам борки, уларнинг бу ишлари қонунан белгиланмоқда. Аммо табиатга берилган зарар олдида бу ҳеч нарса бўлмай қолади. Шу сабабли овчилик ва ов хўжалигидаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш ҳамда қайта ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июль санасида «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. 

Мазкур қонун доирасида эндиликда ов хўжаликларини ташкил этиш, йиллик мавсумни белгилаш ва ноқонуний ишлар қилинишига, браконьерларнинг ҳаракатларига чек қўйиш каби вазифалар белгилаб олинди. Қонунга мувофиқ, ов қилиш турлари, усуллари, муддатлари, маҳсулотлари ва қуроллари, гувоҳнома, рухсатномаларнинг ким томонидан қай тарзда берилиши ҳам белгилаб қўйилган. «Қизил китоб»га киритилган жониворларнинг овланиши қатъиян тўхтатилади. Ов қилиш ва овчилик хўжалигидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, овлаш жойлари, ресурслари каби тушунчалар алоҳида тарифлаб берилган. Унга кўра ҳақиқий овчилик гувоҳномасига эга бўлган жисмоний шахс, шу жумладан, Ўзбекистонда вақтинча турган ва ушбу соҳада хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган чет эллик фуқаро ҳам овчи ҳисобланади.    

Мазкур қонун билан уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Жумладан, ёввойи ҳайвонларнинг рухсат этилган турларини белгиланган жойларда ва муддатларда овлаш, маҳсулотни ўз ихтиёрига кўра тасарруф этиш, давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг мансабдор шаҳсларидан ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. 

Ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва тартибга солиш каби нормалар ҳам белгиланган бўлиб, уларга ов қилишга доир квоталар акс этган.

Навоий вилояти Экология бошқармаси

Ахборот хизмати