Ultimate magazine theme for WordPress.

Она табиатимиз-бебаҳо бойлигимиз!

Бутун борлиғини биз билан бирга баҳам кўриб, ўзининг иссиқ тафтида асраб, авайлаб келаётган Она табиат билан бутун инсоният тақдири чамбарчас боғлиқ.

Она табиатимизнинг ҳар бир неъматини асраб авайлайлик, боридан унумли ва мақсадли фойдаланиб, фақат бугунги кунни эмас, эртамиз эгалари бўлган жондан азиз фарзандларимизнинг ҳам ана шундай буюк неъматлардан бебаҳра бўлиб қолмасликлари учун масъул эканлигимизни унутмаслигимиз зарур.

Сир эмаски, аксарият ҳолларда, сиз ва бизнинг ёнимизда юрган айрим инсонларнинг кўр-кўрона хатти-ҳаракати билан она табиатимиз мувозанатига, ҳудудимиз экологиясига, атмосфера, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий зиён етказилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Албатта, иқтисодиётимизни саноат тараққиётисиз тасаввур эта олмаймиз. Вилоятимиз саноати ривожланган ва жадал суръатда юксалиб бораётган ҳудуд ҳисобланиб, янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш ҳисобига кенгайиб бормоқда.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборидаги устувор йўналишлардан биридир.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда юртбошимиз раҳбарлигида она табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, юртбошимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳозирги давр экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва соҳасида туб ислоҳотлар ўтказишни талаб этмоқда. Чунки амалдаги қонунчилик талабларида қонунбузарларга нисбатан жазо тариқасида фақатгина маъмурий жавобгарлик белгиланган, холос.

Ҳар биримиз экологик вазият барқарорлигини таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш борасида ташкилотчилик, ташаббускорликни намоён этиш ҳамда она табиатни талон-тарож қилишга йўл қўймаслик борасида фаоллик кўрсатишимиз талаб этилади. Жойларда экологик тарбия ва маданиятни қарор топтиришда депутатларимиз ва жамоатчилигимиз, маҳалла фаолларимиз кўмагига таянамиз.

Бугун бу борада чуқур қайғурмасак, эртага унинг асоратидан ўзимиз, ўсиб келаётган фарзандларимиз қаттиқ азият чекиши турган гап. Бунинг учун эса ҳаммамиз уйғонишимиз, лоқайдлик ва бефарқлик кайфиятидан халос бўлишимиз лозим. Яратганнинг бебаҳо инъоми бўлган муқаддас она табиатга зиён етказиш асло кечирилмас хатодир.

Зеро, буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний таъкидлаганларидек, “Агар инсонлар табиатга нисбатан беписанд муносабатда бўлиб, унинг қонуниятларини бузсалар, табиат бир кун келиб шундай ўч оладики, уни ҳеч қандай куч қайтаролмайди”.

Аҳоли ва баъзи тадбиркорлар томонидан дарёлар ўзани, чўл ҳамда тоғли ҳудудларда ҳеч қандай рухсатсиз ноқонуний каръерлар ташкил этиб, тош ва қум-шағалларни қазиб олиш ишларига қўл урилмоқда. Бу ғайриқонуний ҳаракатлари билан улар ҳам атроф-муҳитга салбий зиён етказишмоқда десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Натижада Кармана туманида 12.5 га, Навбаҳор туманида 10.8 га, Хатирчи туманида 7.3 га, Қизилтепа туманида 10 га, Томди туманида 21 га, Учқудуқ туманида 18 га ер майдонларида норуда қазилмаларни ноқонуний қазиб олиниши натижасида чуқурликлар ҳосил бўлиб, хунук манзара ҳосил қилган.

Хатирчи туманидаги Лангар  ва Қизилтепа туманидаги Куктоғ тизмаларидаги фойдали қазилма ресурсларини аҳоли ва тадбиркорлар томонидан қазиб олиниши оқибатида тоғларнинг табиий кўриниши ўзгариб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етказилмоқда.

Инспекторлар томонидан 2020 йил давомида вилоят ҳудудида ўтказилган тезкор рейд вақтида 128 нафар ҳуқуқбузарлар 2020 йил давомида фойдали қазилма конларини экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишмай туриб ишга солиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш талаблари ва тартибини бузиш, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, табиий муҳитни, умумтарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш қоидаларини ерга эгалик қилувчилар ва ердан фойдаланувчилар томонидан бузиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 70-моддаси 1-қисми билан 327 810 000 млн сўм миқдорида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Натижада 3500 т.дан ортиқ норуда қазилмаларни сақлаб қолишга эришилди.

Бу каби қонунбузилишлар ва уларнинг олдини олиш ишлари доимий равишда эътиборимизда бўлиши шарт.

Очиғини айтиш керак, қум-шағал материалларининг рухсатсиз қазиб олиниши аксарият ҳолларда ер усти ва ер ости сувлари камайиб кетиши, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқлашиши ва ифлосланиши, уларнинг қирғоқлари, суғориш тизимлари, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг бузилишига, шунингдек, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Дарёлар ўзанлари қум-шағал захираларидан ноқонуний фойдаланиш, оқибатда ўзанлар чуқурлашиб, ер усти ва ер ости ичимлик суви захираларининг ифлосланишига, дарё ўзанларидаги айрим стратегик объектлар, жумладан, кўприклар, магистрал йўллар, газ ва сув қувурлари хавфсизлигига жиддий хавф солаётир. Шу билан бирга, дарё ўзанларида ҳосил бўлган ноқонуний чиқиндихоналар, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли орасида турли инфекцион касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Дарё ўзанларининг чуқурлашиши қирғоқлар ўпирилиши, ботқоқликлар пайдо бўлишига олиб келяпти. Энг хавфлиси, дарё атрофида деҳқончилик юритиб келаётган маҳаллий аҳолининг минглаб гектар майдонлари ва хўжаликларнинг сув таъминотига салбий таъсир кўрсатиши натижасида экин ерларининг таназзул жараёни тезлашишига сабаб бўлмоқда.

Навоий вилояи Экология бошқармамиз ходимлари томонидан ўтказилган тезкор назорат рейд тадбирлари давомида вилоятимиз дарё ўзанларида қум-шағал материалларидан фойдаланишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани ҳолатлари аниқланди. Айрим тадбиркорларнинг техник шартларга зид равишда қум-шағал материалларидан тартибсиз равишда фойдаланаётгани аён бўлди. Бунинг натижасида бугунги кунда мавжуд дарё ва бошқа сув объектлари ландшафтлари кескин ўзгариб, сув ва ер ресурсларига, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсига, улар яшаш ва ўсиш муҳитига, қум-шағал захираларига катта зиён етказилмоқда.

Жумладан, Кармана тумани “Куҳна қўрғон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси ўзанидан дарё ўзанини тозалаш ва тўғирилаш  иш фаолиятини олиб борувчи ЯТТ “Фазлиддин Айназаров” учун харитада ажратилган майдон четда қолиб ўзига белгиланмаган жойдан қонунда зид равишда ер майдонидан ноқонуний равишда табиий ҳолда ўсган юлғун буталарини пайхон қилган ва ноқонуний равишда қум ва шағал махсулотларини қазиб олиб, сотиб келиш ҳолати аниқланди. Тадбиркор тош қазиб олган жойда ўсиб турган юлғунзор қупориб ташланганлиги маълум бўлди. Аслида эса,  ЯТТ Ф. Айназаров учун узунлиги 1км эни 100 метр бўлган майдон икки томонга ёриб ташлаб, дарёнинг ўзанини тозалаш топшириғи қўйилган. Лекин тадбиркор ўзига ажратилган майдондан бир ковуш хам тош олмаган.

Зарафшон дарёси суви асосан аҳоли ва корхоналарни ичимлик суви билан таъминлашга ихтисослашган бўлиб, сувни режимини бузиш, ҳар-хил чиқиндилар билан ифлослаш, маиший оқова сувларни оқизиш, қум-шағал қазиб олиш ва бошқа ишларни олиб бориш тақиқлаб қуйилган. Зарафшон дарёси “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунга киритилган бўлиб, “Алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудуд” номи берилган. Қонуннинг    41-моддасида соҳил бўйи минтақаларида барча фаолият тури таъқиқланган ва қонун ва қонун ости ҳужжатларда тақиқланишига қарамасдан, ЯТТ “Фазлиддин Айназаров” табиатга беписадликларча иш тутган. Тадбиркорга ўзига белгилаб берилган контуридан чиқмасдан ўз фаолиятини амалга ошириш ва табиий ҳолда ўсган юлғунзор ва ўсимлик дунёсига зарар етказмаслик кўрсатилди.

Каръерлар атрофдаги ҳудудларнинг тупроғини, ҳавосини, сувларини ифлослайдиган, аҳоли турмушининг гигиена шароитларини ва ландшафтларнинг умумий кўринишини ёмонлаштирадиган манбааларга айланади. Қазилма бойликларни очиқ усулда қазиб олиш натижасида ҳосил бўладиган ва тартибсиз жойлашган каръерлар, тупроқ ва тоғ жинслари уюмлари табиий ландшафтларни бузиб, уларга гиёх ўсмайдиган чўл манзарасини беради. Автомобиль йўлларини ва бошқа шунга ўхшаш иншоотларни қуриш, энг кўп ерларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бузилган ерларни халқ хўжалиги тармоқларига фойдаланиш учун қайтариш ва уларнинг атроф муҳитга салбий таъсирини тугатиш мақсадида уларни рекультивациялаш ишлари олиб борилади. 

2020 йилда вилоятимиз бўйича 623,5 га фойдаланилган ерда рекультивация ишлари бажарилди.

Шундай экан, вилоятимиз экологияси ва атроф-муҳитини муҳофаза қилишда вилоятимиз аҳлини, давлат ва жамоатчилигимиз вакилларини, барча-барчани яқин ҳамкорликка ҳамда фаолликка даъват этамиз.

Х.Бақоев. Навоий вилояти экология ва
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
                                                      бошқарма бошлиғибиринчи ўринбосари

Х.Тошев. Навоий вилояти экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш  бошқармаси Сув, ер ресурслари

              ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи