Ultimate magazine theme for WordPress.

Юксак минбарда жаранглаган Она тилим!

 

Муҳтарам Юртбошимизнинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ ва Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи бор ўз Она тилида – ўзбек тилида нутқ сўзлаши тарихий воқеа бўлди. Ушбу нутқ ўзбек тилида илк бор умумбашарий муаммолар, жумладан, экологик глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида сўзланган тарихий нутқ бўлди десак, адашмаймиз. Бу оламшумул воқенинг тарихий аҳамияти яна шунда акс этадики, башариятни хавотирга солаётган глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари ўзбек тилида баён қилинди, ўзбек тилидаги оташин нутқни бутун жаҳон халқлари диққат билан эшитди. Буюк Алишер Навоий тили бутун олам бўйлаб янгради.

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида жаҳон ҳамжамиятини муаммоларни ечишда якдилликка чақирди. Таҳликали ва мураккаб вазият юзага келган шу даврда ўзаро мулоқот ва яқин ҳамкорлик қилиш ҳамда ўзаро сайьи ҳаракатларни бирлаштириш ҳақида таклифлар берилди. Жумладан, дунё ҳамжамиятини катта ташвишга солаётган пандемия шароитида Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақомини ва салоҳиятини ошириш, ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлигини таъминлаш, экологик, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик бўйича ҳамкорликда ишлар олиб боришга чақирди. Шу ўринда, Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар ортга қайтмайдиган тус олганлиги, шунингдек соғлиқни сақлаш тизими кучайтирилаётганлиги хусусида гапириб ўтдилар.

Муҳтарам Юртбошимиз ўз нутқларида, Глобал иклим ўзгаришининг салбий таъсирини бутун дунё ҳис этаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Маълумки, Ер юзида глобал исиш жараёни кечмоқда, саноат ва қишлоқ хўжалиги газлари иссиқхона эффектини кучайтириб, Ер Қуёшдан келган иссиқлик ва қувватни ушлаб қолмоқда. Инсон фаолияти, жумладан ёқилғи ёқиш, ҳавода карбон диоксиди улушини кўпайтиради, бу газ эса иссиқхона эффекти учун асосан масъул газдир. Карбонни қайта ишловчи ўрмонлар ҳудуди камаймоқда. Карбонат ангидриднинг ҳаводаги миқдори сўнгги 800 — минг йил ичида энг юксак даражага етди. Арктика музлари эримоқда, Ер юзасида ҳарорат кўтарилмоқда, табиий офатлар кўпаймоқда, денгиз сатҳи кўтарилмоқда, буларнинг барчаси она заминимизни фожеали натижаларга келтириши мумкин. 1900 йилдан буён денгиз сатҳи 19 сантиметрга кўтарилган. Сўнгги ўн йилликларда бу кўтарилиш тезлашган, баъзи ороллар сув тагида қолмоқда.

1980 йилдан буён денгиз музларининг сатҳи Британия сатҳига 10 баробар келадиган майдонга камайган.

Бу экологик нохуш ҳолатларнинг оқибатлари тоза сувнинг камайишига, тошқин, иссиқлик ва қўрғоқчиликдан талафотлар кўпайишига олиб келиши мумкин.

Иқлим ўзгариши асоратлари фақат инсониятнинг ўзига таъсир кўрсатмаяпти, балки Одамзот томонидан ёввойи табиатнинг улкан қисмига ўнглаб бўлмас зарар етказилмоқда. Олимлар келаётган ўн йилликлар ичида бир миллионга яқин мавжудот турлари бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турганидан огоҳлантирмоқда.БМТнинг Биохилмахиллик бўйича Конвенциясига эса 2030 йилгача ёввойи табиатни асраб қолиш чораларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Хулоса қилиб айтганда, она сайёрамизни муқаррар ҳалокатдан қисқа вақт ичида сақлаб қолиш муаммоси билан юзлашганча турибмиз. Муҳтарам Президентимиз Бирлашган Миллатлар ташкилотининг юксак минбаридан Иқлим ўзгаришлари ва уларнинг оқибатлари, бу экологик фалокатнинг атроф-муҳитга ва Инсон саломатлигига салбий таъсири ҳақида куюниб сўзлади.

Табиат ва жамият номутаносиблигидан келиб чиққан, ҳозирги кунда минтақавий муаммолар сафидан чиқиб, глобал даражага кўтарилган Орол денгизи тақдири умумбашарий муаммолардан биридир. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин СССР Ўзбекистонни улкан пахтазорга айлантиради. Амударё ва Сирдарё сувлари нафақат янги шаҳарларга, балки янги пахта далаларига бурилди. Пахта етиштириш кучайтирилди. Ўзбекистонда 6 миллион тоннагача пахта ҳосили кўтариш мўлжали олинади. Орол эса 1960 йиллардаёқ қисқаришни бошлайди. Лекин Кремль Орол муаммосини оммадан яшириб келади. Денгиз чекинаётганини илғаган маҳаллий одамлар қирғоққа таёқ тиқиб, орадан бир қанча вақт ўтгач, қайтиб келиб, денгиз қанчалик узоқлашганини ўрганишганини айтишади. Сув камаяркан, туз миқдори кўпайиб, Орол заҳарли денгизга айлана бошлаган. Орол денгизининг 90% ҳудуди бугун саҳро. Бу — Ирландия ҳудудига тенг майдон. Денгизнинг ўлими биргина турмуш тарзини ёки об-ҳавони ўзгартириб қолмаган. Улкан пахта далаларини яратган Совет Иттифоқи экин учун ишлатилган пестицид ва гербицид қолдиқлари яна айланиб, дарёга тушиши ва Оролга қуйилишини тузук тасаввур этишмаган. Орол қуригач, денгиз ўрнидаги улкан саҳрони қоплаган тузларни шамол юзлаб чақиримга учириб, тўзғита бошлаганди. Мутахассислар фикрига кўра, ҳар йили денгиз ўрнидаги саҳродан 100-150 миллион тоннадан кўпроқ чанг-туз осмонга кўтарила бошлаган.

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Оролбўйидаги вазият бўйича махсус резолюциясини қабул қилиш юзасидан таклиф берди. Шу ўринда, Оролбўйидаги мураккаб экологик вазиятни юмшатиш юзасидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ижобий тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларини юмшатиш мақсадида Оролбўйи ҳудудида 2 миллион гектар ерда саксовулзорлар ташкил этилди ҳамда тупроқ қатламини шакллантириш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Оролбўйи ҳудудидаги экологик фожеани юмшатиш юзасидан БМТ кўп шериклик траст жамғармаси тузилди ва амалий ёрдам кўрсатиш учун таянч платформаси бўлиб хизмат қилмоқда. Шу ўринда муҳтарам Президентимиз Оролбўйи экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди ҳамда махсус резолюция имзоланган кунни халқаро экологик тизимларини ҳимоя қилишни ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқлигини билдирди.

Биз ғурур билан шуни айтишимиз керакки, муҳтарам Юртбошимизнинг соф ўзбек тилидаги нутқлари жаҳон афкор оммасини умумбашарият муаммоларни ижобий ҳал қилишда бирдамликка чақиради.

Султонмурод ТОШИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси