Ultimate magazine theme for WordPress.

100 йиллик Чинор дарахти фуқаро томонидан ноқонуний чопиб ташланди

        2019 йил 19 июл куни Навбаҳор тумани “Ёш куч” МФЙда яшовчи фуқаро  ҳудудда 100 (юз) йиллик чинорлар мавжудлигини ва ушбу чинорлар ноқонуний кесилаётганлигини маълум қилиб ноқонуний кесилишларни олдини олишда амалий ёрдам сўраб ёзган аризаси юзасидан Навоий вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими ва Навбаҳор тумани Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан Навбаҳор тумани М.Улуғбек МФЙ ҳудудида жойлашган “Ёруғ Тонг” фермер хўжалиги ҳудудига бориб ўрганилганда ҳақиқатан ҳам ушбу фермер хўжалиги ҳудудида 4 (тўрт) туп диаметри 65, 100, 110, 130 см бўлган “Чинор” дарахтлари кесилганлиги аниқланган ва ушбу ҳолат юзасидан  ва “Ёруғ тонг” фермер хўжалиги раиси Б.Бердимуродов иштирокида далолатнома тузилиб, ушбу кесилган дарахтларни суриштирув ишлари тугагунига қадар ҳеч қаерга олиб кетмаслик туғрисида огохлантирилган.

        Ушбу ҳолат юзасидан ўзини “Ёруғ Тонг” фермер хўжалиги раиси деб таништирган Бердимуродов Бозорбойдан сўралганда у 2013 йилда ушбу фермер хўжалигини ташкил қилиб, чорвачилик билан шуғулланишини ва кесилган дарахтларни ўзи экканлигини, тепа шохлари синиб тушиб одамларга зиён етказмаслиги учун дарахтларни таг қисмидан тегишли ташкилотлардан рухсатнома олиб кесганлигини маълум қилди. Лекин оғзаки сўров даврида қайси ташкилот ва ким томонидан рухсат берилганлигини тасдиқловчи хужжат тақдим эта олмади.

           Унинг берган кўрсатмалари суриштириб кўрилганда Бердимуродов юқорида кўрсатилган 4 (тўрт) туп Чинор дарахтини ҳеч қандай рухсатнома олмай туриб ноқонуний равишда кесганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январ кунидаги №43-сонли “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор билан тасдиқланган Низомнинг 49 банди, 4-иловаси, Ўзбекистон Республикаси “Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 51-моддаси талабларини бузганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома тузилди.

             Ҳозирги кунда ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда