Ultimate magazine theme for WordPress.

2 феврал- Бутун жаҳон сув ва ботқоқлик ҳудудлар куни Рамсар Конвенцияси: эндиликда унинг мақсад ва вазифалари янада кенгайган

Бугунги кунда инсониятининг табиатга нисбатан кўрсатаётган таъсири нафақат қуруқликда жойлашган экотизимларга, балки сув ҳавзалари экотизимларига ҳам жиддий зарар етказмоқда. Бундай салбий таъсир ва унинг оқибатлари, айниқса, нисбатан кичик, сув режимининг ўзгариши мавсумий характерга эга ёки йирик ҳавзаларнинг қирғоқ ҳудудларида янада яққол намоён бўлмоқда.

    Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Европадаги сув-ботқоқ ҳудудларининг деградация жараёни янада жадаллашди. Вазиятнинг бундай хатарли тус олиши натижасида сув-ботқоқ ҳудудларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатини ишлаб чиқиш зарурати вужудга келди. Бунда сув-ботқоқ ҳудудлари асосан сувда сузувчи қушларнинг яшаш муҳити сифатида баҳоланган эди. Шу сабабли, бир қанча давлатлар томонидан 1971 йилнинг 2 февралида Эроннинг Рамсар шаҳрида қабул қилинган ва 1975 йилда кучга кирган «Халқаро аҳамиятга эга, асосан сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойлари ҳисобланган сув-ботқоқ ҳудудлари тўғрисида»ги Конвенция айнан шу мақсадларга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

    Гарчи, Рамсар Конвенцияси қабул қилинган вақт¬да унинг мақсади «Сув-ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш ва улардан онгли равишда фойдаланиш»га йўналтирилган бўлса-да, эндиликда унинг мақсад ва вазифалари анча кенгайди. Хусусан, 2002 йилда «Маҳаллий, регионал ва миллий ҳаракат ҳамда ўзаро халқаро ҳамкорлик йўли билан барча сув-ботқоқ ҳудудларини сақлаб қолиш ва улардан онгли равишда фойдаланиш дунёда барқарор ривожланишга эришишнинг омили сифатида» Рамсар Конвенциясининг асосий вазифаси қилиб белгиланди.
2011 йилнинг 7 апрель ҳолатига кўра, Конвенцияга қўшилган давлатлар сони 160 га, Конвенция доирасидаги сув-бот¬қоқ ҳудудлар сони эса 1926 тага етган. Эътиборли жиҳати, ҳозирда Конвенция доирасидаги сув ҳавзаларининг умумий майдони қарийб 188 миллион гектарни ташкил этади.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августдаги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Рамсар Конвенциясига қўшилди. Мазкур қарор 2002 йилнинг 8 февралида кучга кирди. Ўзбекистон Республикаси Рамсар Конвенциясига қўшилгандан сўнг Бухоро вилоятида жойлашган Денгизкўл кўли (майдони 31,3 минг гектар) Рамсар рўйхатига киритилди.
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг республикамиз ҳудудида турлар хилма-хиллигини сақлашда алоҳида ўрин тутишини ҳисобга олинган ҳолда 2008 йилнинг 28 октябрь ва 4 ноябрь кунлари Корея Республикасининг Чангвон шаҳрида Рамсар Конвенцияси иштирокчилари томонидан ўтказилган Х конференцияда майдони 527,1 минг гектар бўлган Айдар-Арнасой кўллар тизими расман Рамсар рўйхатига киритилди.
АЙДАР-АРНАСОЙ КЎЛЛАР ТИЗИМИ
Ҳозирги кунда Айдар-Арнасой кўллар тизими акваторияси 3702 квадрат километрни эгаллаган бўлиб, сув ҳажми 44,1 куб метрни, сув сатҳи эса 275,5 метрни ташкил этади. Эътиборли жиҳати, мазкур ҳудуднинг Рамсар Конвенцияси рўйхатига киритилиши ҳудуд экотизими учун қулай шароит яратилиши натижасида сув сатҳи кўтарилиши ижобий томонга ўзгарди. Бу эса, ўз навбатида, қушлар генофондининг кўпайишига замин яратди.
Маълумотларга кўра, Айдар-Арнасой кўллар тизими ва унинг соҳилида 14 туркумга мансуб 220 тур қушлар қўним топган. Бу ерда кўпроқ умумбашарий хавф остида турган жингалак сақоқуш (Pelecanus crispus), оқбошли ўрдак (Oxyura leucocephala), ола қанотли ўрдак (Аythya nyroca), қиронқора (Аquila heliaca), узун қуйруқ сув бургути (Haliaeetus leucoryphus), тасқара (Аegypius monachus), йўрға тувалоқ (Chlamydotis undulata) учрайди.
Кўл атрофидаги чўлларда эса йўрға тувалоқ, сув булдуруқ, малла тентакқуш, чўл қарғаси, чўл мойқути, жиқ-жиқ, Бухоро читтаги, чўл вьюроги, сариқ деҳқончумчуқ каби 9 турдаги қушларни учратиш мумкин. Чўл ва ярим чўллар экотизимлари учун ҳам характерли бўлган бу қушлар ушбу экотизимларини Айдар-Арнасой кўллар экотизимлари билан боғлаб туради. Кўлда учровчи 13 турдаги қушлар Ҳалқаро «Қизил китоб»га ва 24 тури Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган.
Рамсар Конвенцияси иштирокчиларининг асосий мажбуриятлари Конвенция рўйхатига камида битта сув-ботқоқ ҳудудини киритиш, миллий қонунчиликда сув-ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш масалаларини ҳисобга олиш ҳамда сув-бот¬қоқ ҳудудларини ва айниқса, трансчегаравий хусусиятга эга сув-ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш бўйича Конвенциянинг бошқа иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлик юритиш ҳисобланади.
ТАВСИЯЛАР ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ
Айни пайтда Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик вазиятни сақлаб қолиш ва соғломлаштириш борасида фаол ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда Жалдирбас, Сувчучук (Судочье) кўлларини ҳам Рамсар рўйхатига киритишга қаратилган ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари гуруҳи томонидан мазкур Конвенция доирасидаги фаолиятни янада жонлантиришга қаратилган бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилган. Хусусан, мазкур тавсияларда Рамсар Конвенцияси ва умуман атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификатсия қилинган Конвенциялардаги бизнинг миллий қонунчилигимизга ва экологик шароитимизга мос бўлган моддаларни қонунчиликка импелиментация (киритиш ёки жорий қилиш) қилиш амалиётини янада жонлантириш, бундан ташқари, сув-ботқоқ ҳудудларини Конвенция рўйхатига киритиш ёки ундан чиқаришга ёъналтирилган илмий-тадқиқот ва мониторинг ишларини янада ривожлантириш кераклиги қайд этилган.
Конвенциянинг 4-моддаси 1-бандида сув-ботқоқ ҳудудлари Рамсар рўйхатига кириш ёки кирмаслигидан қатъий назар томонларнинг сув-ботқоқ ҳудудларини ва сувда сузувчи қушларни муҳофаза қилиш учун табиий резерватларни ташкил этишлари ҳамда уни назорат қилишлари белгилаб қўйилган.
Айтиш лозимки, мамлакатимиздаги Конвенция рўйхатига киритилган кўллар асосан сувда сузувчи қушларни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан танланган ва асосан шу йўналишда фаолият олиб борилади. Аммо, эндиликда Конвенция мезонлари кўра, нафақат сувда сузувчи қушларни, умуман биохилма-хилликни сақлаб қолиш, табиий мувозанатни сақлаш, ҳайвонлар учун кўпайиш, озиқланиш, бошпана ва бошқа қулайликларни ўзида мужассамлаштирган, ўзига хос ўсимликлар дунёсига эга бўлишни назарда тутади. Шунинг учун кўлларни Конвенция рўйхатига киритишда бу каби мезонларга алоҳида эътибор қаратиш ва уни яна бир бор қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
КОНВЕНЦИЯ ТАЛАБЛАРИ
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Рамсар Конвенциясининг асосий талабларидан бири сув-ботқоқ ҳудудларини сақлаб қолиш ва бошқариш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда ҳам бу борада муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда айниқса, Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология илмий-тадқиқот инцитути олимлари ва Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти нодавлат нотижорат ташкилоти жонбозлик кўрсатаётгани диққатга сазовор. Улар республикамиздаги кўлларни орнитологик жиҳатдан комплекс ўрганиш, шу жумладан, уларда учрайдиган қушларнинг тур таркиби ва сонининг динамикасини тадқиқ этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, айни пайтда Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти ташаббуси билан Қорақалпоғистон, Тошкент, Бухоро, Самар¬қанд, Фарғона вилоятларининг университетларида олимлар, ёш тадқиқотчи ва талабалардан иборат гуруҳ тузилган. Улар Ўзбекистондаги йирик кўлларда учрайдиган сув ва сув олди қушларини ўрганиш, мазкур кўллар атрофида жойлашган аҳолининг табиатни муҳофаза қилиш ишларига жалб этиш бўйича фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамиятининг «Муҳим орнитологик ҳудудлар» лойиҳаси доирасида республикамиздаги 52 та кўллар ўрганилиб, «Муҳим орнитологик ҳудудлар» рўйхатига киритилган. Мазкур лойиҳа асосида бир қанча ўқув-услубий қўлланмалар, мақолалар, фотоальбомлар ва бошқа атроф-муҳит муҳофазасига оид материаллар чоп этилди. Эътиборли жиҳати, бу каби изланишлар келгусида Рамсар Конвенцияси рўйхатини янада тўлдиришга ва Ўзбекистон фаунаси муҳофазасига хизмат қилади.
Республикамизда сув ҳавзаларининг халқаро Рамсар рўйхатига киритилиши, уларга халқаро мақомнинг берилиши, нафақат ҳудуддаги экологик масалаларни ижобий ҳал этиш ва халқаро жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлик қилиш имконини беради, балки мамлакатимизнинг келгуси авлод учун соғлом экологик муҳитни шакллантиришдаги интилишларини ҳам ўзида намоён этади.