Ultimate magazine theme for WordPress.

22 май – Халқаро биологик хилмахиллик куни

Наботот ва ҳайвонот олами ҳаётий манба ҳисобланади. Уларни асраб-авайлаш, келажак авлодга бекаму кўст етказиш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Бинобарин, 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенция қабул қилинди ва у бир йил ўтиб, халқаро ҳужжат сифатида кучга кирди. Кўплаб муҳим вазифалар белгилаб берилган мазкур Конвенция бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан ратификация қилинган. Шу муносабат билан ҳар йили 22 май — Халқаро биологик хилмахиллик куни сифатида нишонланиб келинади.

Юртимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб, табиат муҳофазаси, экологик барқарорлик ва биохилмахилликни сақлаш, қайта тиклашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда институционал база яратилди. Конституциямизда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, соҳага доир бир қатор қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилган «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонун бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга яна бир туртки берди. Ўз навбатида, Ўзбекистон кўплаб халқаро ҳужжатлар қатори, БМТнинг Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенциясига ҳам қўшилган.

Бугун юртдошларимиз Ватанимизнинг бетакрор наботот ва ҳайвонот олами билан ҳақли равишда фахрланади. Диёримизга ташриф буюрадиган сайёҳлар ҳам юртимизнинг азим тоғлар, чўллар, сув ҳавзалари, тўқайзорлар, боғу роғлар, бошқа маданий экотизимлар, уларда учровчи барча тирик организмлар мажмуидан таркиб топган биохилмахиллиги ўзига хос ҳамда ноёб эканлигини ҳамиша эътироф этадилар.

Она-табиатимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш — экологик барқарорликни таъминлашнинг асосий шартидир. Шундай экан, республикамизда биологик хилмахиллик объектларини асраб-авайлаш ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, улар яшайдиган муҳитни комплекс муҳофаза қилиш, шунга мўлжалланган ҳудудларни кенгайтириш, янгиларини бунёд этиш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича бир қанча юмушлар амалга оширилаяпти.

Бу борада ҳукуматимиз томонидан Биологик хилмахилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, унда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини янгидан ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш, бундай ҳудудларда фаолият юритишнинг иқтисодий механизмларини халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда олиб бориш, биохилмахилликни муҳофаза қилиш ва унга зиён етказмасдан фойдаланишда кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш каби устувор вазифалар кўрсатиб ўтилган. Уларнинг ижроси доимий диққат-эътиборда.

Маълумотларга кўра, юртимизда 15 700 га яқин ҳайвон, 4 500 та олий навли ўсимлик тури учрайди. Муҳофаза қилинадиган ҳудудлар уларни сақлаш, қайта тиклаш ва фойдаланишда айни муддаодир. Шунинг учун ҳам бу каби маконларни янада кенгайтиришнинг аҳамияти катта.

Республикамизда табиий фауна турларини махсус кўпайтиришга ҳам биохилмахилликни таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилади. Ўз навбатида, диёримиз ўсимлик олами ноёблиги, шифобахшлиги билан ажралиб туради.

Навоий вилояти Экология ва атроф муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси Ахборот хизмати